Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан ёшлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг сиёсий билимларини ошириш мақсадида “Депутат ва ёшлар” мавзусида учрашув ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши масъул ходимлари, профессор-ўқитувчилар, талаба ёшлар, депутатлар, партиянинг “Ёшлар қаноти” аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг ўз ташаббусларини рўёбга чиқаришлари учун яратилган шароитлар, партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилишда партия ташкилотлари ва депутатлар томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида тушунчалар берилди.
Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ёшлар масаласига оид кўплаб режа ва мақсадлар илгари сурилган. Стратегиянинг биринчи йўналиши 44 та банддан иборат бўлса, шундан 25 таси бевосита ёшларга тааллуқлидир. Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 минг нафардан зиёд ёш кириб келмоқда. Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларга шароит яратиш давлатимизнинг устувор сиёсатларидан бири.
2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, маънавий, интеллектуал, жисмоний-ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш ўз ифодасини топган. Шунингдек, ёшларда ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, кенг дунёқарашга эга қилиб уларни тарбиялаш, терроризм, диний экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги нормалар мустаҳкамланди.
[gallery-22871]
Ўтган йилларда ёш тадбиркорлар сони уч баробар кўпайиб, улар бугун бизнес вакилларининг 40 фоизини ташкил этмоқда. Ишсиз ёшлар икки баробарга камайди. “Ёшлар дафтари” орқали ўтган йили 180 минг нафар ёшга кўмак берилди.
Қисқа вақт ичида олий ўқув юртлари сони уч баробар оширилиши натижасида 42 фоиз ёш қамраб олинди. Аёлларга шартнома тўлови давлат томонидан қоплаб берилаётгани ҳисобига уларнинг сони 11 баробар кўпайди. Илмий даражали ёш олимлар сони тўрт минг нафардан ошди. Анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови иштирокчилари сони уч миллион нафарга етди. Айниқса, фарзандларимиз ўртасида чет тилларини ўрганишга қизиқиш ортиб, сўнгги уч йилда чет тилларни ўрганаётган ёшлар сони икки миллион нафарга етган бўлса, “IELTS” имтиҳонидан юқори балл олганлар сони эса беш баробар кўпайди.
Иш топишда чет тилларини билиш зарур. Хусусий ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганаётган ёшларга тўлов пуллари “2+6” ойлик шаклида қоплаб берилади. IT соҳасида “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига қўшимча 300 минг нафар ёш жалб қилинади.
Камбағалликдан чиқишнинг энг самарали ечими – бу таълим. Шу боис бундай оилалар фарзандлари фоизсиз таълим кредити, қўшимча грант, шартнома тўловига кўмаклашиш орқали ўқиши рағбатлантирилади. Билимга чанқоқ, лекин, оилавий шароити оғир бўлган ёшларни чет элда ўқитиш бўйича янги тизим – “Ёрқин келажак” лойиҳаси жорий этилади.
Учрашув якунида ёшлар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, қизиқтирган саволларга жавоб олди. Шунингдек, партия сафига янги қабул қилинган бир қатор ёшларга партиянинг аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА