Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси муносабат билдирди.
Қашқадарё вилоятида бугунги кунда барча тоифадаги хўжаликларда 1,7 млн бош йирик шохли, 5,1 млн бош майда шохли моллар, 7,0 млн бош парранда ва 40.0 минг бошга яқин бошқа тур ҳайвонлар парваришланиб келинмоқда..
Ушбу чорва молларининг 90 фоиздан ортиғи аҳоли ва 10 фоизга яқини чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига тўғри келади.
Вилоятда ветеринария осойишталигини таъминлаш юзасидан ҳайвонлар касалликларига қарши профилактик эмлаш тадбирларини ўтказиш учун 151 та ишчи гуруҳ (отряд) тузилиб, унга 650 нафар раҳбар ва ходимлар бириктирилган ҳамда уларнинг фаолятини мувофиқлаштирувчи штаблар ташкил этилган. Ўтказиладиган профилактик тадбирларни “Маҳаллабай” ва “Хонадонбай” усул асосида амалга ошириш тизими йўлга қўйилган.
Вилоят ҳудудига қўшни республикалардан ҳайвонлар касалликларини кириб келиши ва тарқалиш хавфининг олдини олиш мақсадида қўшни Туркманистон Республикаси билан чегарадош Ғузор (чегара 39,8 км), Деҳқонобод (80,4 км), Миришкор (108,5 км), Нишон (63 км) туманларида ҳамда Тожикистон билан чегарадош Китоб (28,8 км) ва Шаҳрисабз (28,9 км) туманларида 30 кмлик ички радиусда буфер ҳимоя зоналар ташкил этилган.
Вилоятда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида чорва молларининг 5,1 млн боши куйдирги, оқсил, нодуляр дерматит, қорасон, бруцеллёз ва бошқа тур касалликларга қарши профилактик эмлаш ва диагностик текшириш ишлари амалга оширилган. Шунингдек, чорва моллари сақланадиган 120,0 мингта бино ва иншоотларда дезинфекция, дезинсекция ва дератизация тадбирлари ўтказилган.
Шунингдек, аҳоли ва ҳайвон эгалари учун ҳайвонларнинг ўта хавфли касалликларини келиб чиқишини олдини олиш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали куйдирги, қутуриш, қутуриш ҳамда бошқа юқумли касалликлар бўйича маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали 58 марта радио ва телевидения орқали, 38 марта матбуот хизмати орқали чиқиш ва мақолалар чоп этилди 119 дона эслатма аҳоли хонадонларига 375,1 минг дона хонадон дафтарлари тарқатилди ва чорвачилик фермер хўжаликларига 1,9 минг дона эслатмалар тарқатилган.
Ҳар ойда вилоятнинг барча ҳудудларидан эмланган ҳайвонлардан тегишли намуналар олиниб, ҳайвонларнинг иммунитет фаоллиги аниқлаб борилмоқда.
Бугунги кунда вилоят ҳудудида ҳайвонларнинг юқумли касалликлари бўйича ветеринария осойишталиги таъминланган.
Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз туманнинг тоғли ҳудудда аҳоли қорамоллари ўртасида “маймун чечаги” касаллиги аниқланди видеоси тарқалди.
Ушбу ҳолат ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш вилоят бошқармаси ва туман бўлими мутахассислари томонидан ўрганилганда, ҳайвонларда мазкур касалликка хос белгилар мавжуд эмаслиги, шу билан бирга ҳайвон эгасининг ушбу касаллик бўйича тўлиқ тушунчага эга бўлмаган ҳолда маълумот берганлиги аниқланган.
Маълумот тариқасида, ижтимоий тармоқларда номи қайд этилган “маймун чечаги” касаллиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бирорта ҳолатда қайд этилмаган, шунингдек, дунё мамлакатларида ҳам ушбу касаллик билан қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг касалланиш ҳолатлари учрамаган, яъни ҳайвонлар ушбу касаллик билан касалланмайди.
ЎзА