Мамлакатимизда аёллар ва болаларнинг ҳаётини яхшилаш, уларни турли қийинчиликлардан муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ижтимоий ҳимоя тизимидаги ислоҳотлар ана шу эзгу мақсадлар сари қаратилган бўлиб, айниқса, эҳтиёжманд қатламлар, оғир ижтимоий ҳолатга тушиб қолган фуқароларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишда янги тизим яратилмоқда.
Жумладан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар эса бу борада яхши мисол бўла олади. Хусусан, аёллар ҳаётини яхшилаш, уларни руҳий, жисмоний ва ижтимоий қийинчиликлардан чиқариш, жамиятга мослаштиришда вилоятда фаолият юритаётган реабилитация ва мослаштириш марказининг ўрни беқиёс.

Ушбу марказ турли синовларга дуч келган аёлларга амалий кўмак бериб келмоқда. Хусусан, Салима Диёрова ана шу марказнинг ёрдами билан ҳаётига янги саҳифа очган аёллардан. Асли сурхондарёлик бўлган бу аёл тақдир тақозоси билан Оҳангарон туманига келин бўлди. Икки нафар фарзанди бор. Аммо, оилавий келишмовчиликлар туфайли, ҳаёти издан чиқади. Турмуш ўртоғи бошқа аёлга уйланади ва Салима опа болалари билан яшаётган уйидан ҳайдалади.
Умидсиз кўринган бу ҳолатда унга Тошкент вилояти Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази томонидан амалий ёрдам берилди. Мутахассислар томонидан кўрсатилган психологик ёрдам, руҳий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизматлар туфайли у ҳаётга яна кулиб қарашни бошлади.

– Турмуш ўртоғим устачилик билан шуғулланар эди, уч нафар фарзандим бор. Салкам 20 йил давомида турмушимиз тинч ва аҳил тарзда кечди. Аммо, охирги икки йил ичида турмуш ўртоғимнинг хулқ-атвори кескин ўзгариб, тинимсиз жанжал чиқарадиган, фарзандларимни ҳам руҳан азоблади. Қайнона-қайноталар, қариндошлар томонидан ҳеч қандай ёрдам ва тушуниш бўлмади, уйдан ҳайдалдик. Умидсиз, кучсиз ҳолатда Тошкент вилояти Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига юзландим. Бу ерда мени тушунишди, эшитишди, руҳий ҳолатимни тўғри баҳолаб, зарур психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатишди. Ҳатто қўшимча касбга ўргатишди, – дейди Зилола Мансурова.

Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ижтимоий ҳимоя ишлари инсонпарварлик ва адолат тамойилларига асосланган. Муҳими, аёллар ҳаётини яхшилаш, уларни қўллаб-қувватлаш, қайта жамиятга мослаштиришда бу каби марказлар муҳим вазифани бажармоқда.
А.Мусаев, ЎзА.