“Ҳаёт давомида таълим олиш” тамойили асосида мутахассислар малакаси оширилмоқда
Янги технологиялар, глобаллашув ва доимий равишда ўсиб бораётган рақобат инсондан доимий ўқиш, ўз малакасини ошириш ва мослашишни талаб қилмоқда. Бундай шароитда "Ҳаёт давомида таълим олиш" тамойили асосида ўқиш нафақат мақбул, балки шахсий ва касбий ўсиш ҳамда ривожланиш учун ҳаётий заруратга айланмоқда.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази директорининг биринчи ўринбосари Шокир Саидов шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди:
– "Ҳаёт давомида таълим олиш" – бу инсон ҳаётининг барча босқичларини қамраб олувчи узлуксиз ўқиш жараёнидир. Бу фақат янги билим ва кўникмаларни олиш эмас, балки шахснинг доимий ривожланиши, ўзгаришларга мослашуви ва имкониятларини кенгайтиришидир.
Шу асосда ўқиш, малака оширишнинг афзал томонларидан бири меҳнат бозорида рақобатбардошликни оширади. Меҳнат бозоридаги доимий ўзгаришлар шароитида ушбу тамойил асосида ўқиган ҳамда янгиланган билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассислар сезиларли даражада устунликка эга бўлади. Бундай тамойилда ўқиш инсонга янги талабларга мослашиш ва талаб юқори бўлган касбларни эгаллаш имконини беради.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида давлат органларининг давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва таълим олишини мунтазам равишда ташкил этиши белгилангани айнан шу мақсадга хизмат қилади. Энг муҳими, ушбу қонунда давлат органларига давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакаси ошириш ва таълим олишини мунтазам равишда ташкил этиш зарурлиги белгилаб қўйилган. Эътиборлиси, бундай меъёрлар турли соҳаларга оид бошқа қонунларда ҳам белгиланган.
Бу жараёнда тўлиқ самарадорликка эришиш учун давлат, таълим муассасалари, иш берувчилар ва таълим олувчиларнинг яқин ҳамкорлиги зарур. Фақат шу йўл билан ҳаёт давомидаги таълим шахснинг ривожланиши ва жамиятнинг фаровонлиги учун самарали воситага айланади.
Биргина юриспруденция соҳасида малака ошириб бориш масаласига тўхталсак. Бу соҳа доимий равишда ривожланиб ва такомиллашиб бораётган қонунчилик ва ўзгариб турувчи ижтимоий нормалар туфайли ҳам билимларни янгилаб боришни тақозо қилади. Чунки юристлар ўз мижозларига тўғри маслаҳат бериш ва уларнинг манфаатларини судда самарали ҳимоя қилиш учун ҳам ўзгаришлардан вақтида хабардор бўлишлари керак.
Бундан ташқари, бу соҳа вакиллари ҳуқуқнинг янги соҳаларини ҳам чуқур ўрганиб боришлари лозим. Янги технологиялар ва ижтимоий ҳодисаларнинг пайдо бўлиши ҳуқуқнинг янги соҳалари пайдо бўлишига олиб келади (масалан, сунъий интеллект ҳуқуқи, киберҳуқуқ). Юристлар ҳаёт давомидаги таълим олишда тегишли курслар ва тренинглардан ўтиб, ўз мутахассислик ва компетенцияларини кенгайтириши зарур.
Бундан ташқари, мураккаб юридик вазифаларни ҳал қилишда кўпинча юристдан кўп тармоқли ёндашув талаб этилади. Юристлар иқтисодиёт, психология, социология ёки ахборот технологиялари каби турдош соҳаларни ўрганиш орқали ҳам ўз компетенцияларини кенгайтириши мақсадга мувофиқ.
Марказимиз адлия органлари ва муассасалари, адвокатлар, нотариуслар, патент вакиллари, медиаторлар, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг юридик хизмати ходимлари ҳамда ҳуқуқий билимларини ошириш талаб этиладиган давлат бошқаруви органлари, шунингдек, бошқа соҳа мутахассисларини қайта тайёрлайдиган ва уларнинг малакасини оширадиган давлат таълим муассасасидир. Шундан келиб чиқиб марказда ушбу соҳа вакилларининг “Ҳаёт давомида таълим олиш” тамойили асосида узлуксиз малакасини ошириш йўлга қўйилган.
Бу тамойил асосида таълим олиш учун марказда узлуксиз касбий ривожлантириш (mk.uzmarkaz.uz) платформаси ишга туширилди. Ушбу платформада адлия вазирлиги тизими ходимлари икки йил давомида узлуксиз малакасини оширади. Бунда, ходимлар ҳар ойда белгиланган жадвал асосида тегишли мавзуларни ўзлаштиради.
Хулоса қилиб айтганда, ҳаёт давомида таълим юристлар учун, энг аввало, мутахассислиги бўйича ўз билимларини чуқурлаштириш имконини беради ва бу уларнинг қонунчилик ва суд амалиётидаги ўзгаришлардан хабардор бўлишини, шунингдек, мураккаб ҳуқуқий масалаларни самарали ҳал қилишини таъминлайди.
Н.Абдураимова,
ЎзА