
Урганчда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АК раҳбарияти ва ходимлари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Савол-жавоб тарзида ўтказилган йиғилишда Хоразм вилоят ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ҳамда Ёшлар ишлари бошқармаси масъуллари, жисмоний ва юридик шахслар, авиачипталар савдоси агентлари, шунингдек, сайёҳлик компаниялари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Очиқ мулоқотда республикамиз ҳудудида ички қатновлар сонини кўпайтириш ва фуқароларимизнинг ҳаво транспортида ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш авиакомпания олдига қўйилган устувор вазифалардан бири эканлиги таъкидланди.
[gallery-22520]
Тадбирда авиасаёҳат агентликлари ва сайёҳлик фирмалари вакиллари жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар бўйича фикр алмашдилар. Шунингдек, йўловчи ва юк ҳаво транспорти билан боғлиқ бошқа мавзулар ҳам муҳокама қилинди.
Йўловчиларни ўйлантираётган аксарият масалалар жойида ҳал этилди. Қўшимча ўрганишни талаб қилувчи сўровлар авиакомпаниянинг тегишли таркибий бўлинмаларига юборилди.
Тадбир иштирокчилари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АК таркибига кирувчи “Silk Avia” авиакомпанияси негизида ички авиаташувлар бозорининг ривожланиши ҳақида ҳам батафсил маълумот олди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА