Навоий вилоятида ҳам Ички ишлар вазирлигининг тегишли фармойишига кўра, республика миқёсида жорий йилнинг 15 июлидан 15 августига қадар “Хавфсиз ва соғлом юрт” шиори остида ўтказилаётган тезкор профилактик тадбирлар бошлаб юборилди.
Дастлаб Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳи томонидан вилоят ИИБда соҳавий хизмат ва шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда ҳар бир ҳудудда мазкур ойлик доирасида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор-профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз курашиш тўғрисида сўз юритилди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар ташкил этилган Тезкор штаб фаолияти билан танишди ва уларга ўрганишлар давомида бажарилиши лозим бўлган профилактик, назорат-рейд тадбирларини ўтказиш тартиби, аҳамияти ва самарадорлиги юзасидан тушунтириш ҳамда кўрсатмалар берилди.
Навоий шаҳридаги Матонат маҳалласида маҳалла еттилиги фаолияти ўрганилиб, еттилик вакиллари ҳамда Ишчи гуруҳ биргаликда ҳудудда криминоген вазиятни яхшилаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида аҳоли хонадонларида бўлиб, уларнинг ижтимоий муаммолари ва турмуш шароитлари билан яқиндан танишди.

Ишчи гуруҳ Навоий ва Самарқанд вилояти чегарасида жойлашган мунтазам йўл патруль хизмати масканида хизмат олиб бораётган ходимлар билан учрашиб, ойлик доирасида тезкор-профилактик тадбирларини ўтказишда ЙПХ масканининг стратегик аҳамияти, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтилди.
Тунги хизматга жалб этилган ходимлар билан ташкил этилган учрашувда эса жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ҳудудда криминоген вазиятни барқарорлаштириш чора-тадбирларини янада кучайтириш, наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш, хизматни ўташ вақтида фуқаролар билан хушмуомала муносабатда бўлиш, хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиш зарурлиги таъкидланди.

– Ойлик доирасида фуқароларни огоҳликка ва ҳушёрликка чорлаш мақсадида жамоат транспортларига турли кўринишдаги тарғибот плакатлари ёпиштирилиб, аҳоли гавжум жойлар, савдо комплекслари ва бозорлар атрофида тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда, – дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёз Қосимов. – Марказий кўчаларда ўрнатилган мониторларга турли мавзудаги ижтимоий роликлар ҳамда Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйиш ва аҳоли саломатлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган Call марказ фаолиятига доир видео материаллар жойлаштирилиб, намойиш этилмоқда.

Хатирчи туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса 27 ёшли аёл танишидан шахсий маълумотларни тарқатмаслик ва шарманда қилмаслик эвазига талаб қилган 700 миллион сўм пулдан 50 миллион сўмини олаётган пайтда далилий ашёлар билан қўлга олинди. Шунингдек, тезкор тадбир натижасида Қизилтепа туманида 1990 йилда туғилган аёл ўзи яшаб турган хонадон томорқасида 76 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигига ўхшаш бўлган ўсимликларни парваришлаб келаётгани маълум бўлди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” шиори остида ўтказилаётган тезкор профилактик тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.


А.Бўриев, ЎзА мухбири