English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хавфли нуқталар: Исроил (+видео)

Осиё ғарбида, Ўрта денгиз соҳилида жойлашган, майдони тахминан 22 000 квадрат километрни ташкил этадиган Исроил давлати бугун дунё диққат марказида. 10 миллионга яқин одам истиқомат қиладиган, пойтахти Қуддус (Jerusalem) бўлган ушбу мамлакат шимолда Ливан, шимоли-шарқда Сурия, шарқда Иордания ва жануби-ғарбда Миср билан чегарадош. Шунингдек, Фаластиннинг Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳил билан ҳам бевосита туташган.

Сўнгги йилларда Исроил бир вақтнинг ўзида бир неча ҳарбий можаро марказида қолди: энг йирик низо Ғазо билан боғлиқ. 2023 йил октябридаги фожиали воқеалардан сўнг бошланган кенг кўламли ҳарбий амалиёт натижасида ҳар икки томонда мислсиз талафотлар кузатилди. Хусусан, 2023-2025 йиллар оралиғида юзлаб исроиллик аскар ҳалок бўлди. Ўтган йил 151 нафар ҳарбий вафот этган. Уларнинг аксари бевосита жанговар ҳаракат қурбонига айланди. Афсуски,аянчли вазият фақат Ғазо билан чекланиб қолмаяпти: ўлкага шимолдан Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан мунтазам ракета ва дрон ҳужуми уюштирилмоқда. Бунга жавобан Исроил армияси бераётган зарбалар минтақадаги тарангликни янада кучайтирмоқда. Натижада ҳар икки давлат бегуноҳ аҳолиси хавфсиз ҳудудларга кўчмоқда.

Минтақадаги вазиятни чигаллаштираётган яна бир муҳим омил Исроил ва Эрон ўртасидаги бевосита қарама-қаршиликдир. Ракета ҳужумлари хавфи шу даражага етдики, ҳатто АҚШ каби давлатлар ўз фуқароларини ҳудуддан олиб чиқишга мажбур бўлди. Деярли ҳар куни Тель-Авив, Бейт-Шемеш каби йирик шаҳарларда оддий одамлар жабрланмоқда. Бундай вазият жамиятда кучли хавотир ва босимни юзага келтирмоқда. Уруш нафақат инсонлар ҳаёти, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам жиддий зарба бермоқда: фавқулодда чеклов, мактаблар ёпилиши ва захирадаги ҳарбийлар сафарбар этилиши ортидан Исроил иқтисодиёти ҳафтасига қарийб 3 миллиард доллар зарар кўрмоқда.

Шу ўринда бир савол туғилади: Исроил бундай улкан ҳарбий харажат ва қурол-аслаҳа таъминотини қандай молиялаштирмоқда? Мамлакат мудофаа салоҳияти уч асосий манбага таянади. Биринчидан, бу ички иқтисодиёт – юқори технология, кибер мудофаа ва аэро фазовий экспортдан тушадиган даромад. Иккинчи ва энг муҳим манба – халқаро ёрдам: иқтисодчилар фикрича, АҚШ йилига Исроил учун тахминан 3,8 миллиард доллар ажратади. Учинчидан, Германия ва Буюк Британия каби стратегик ҳамкорлар билан ҳарбий техника савдоси йўлга қўйилган. Шу йўл билан Исроил ўз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаб, минтақадаги ҳарбий устунлигини сақлаб қолишга уринмоқда.

Хуллас Ғазо, Ливан ва Эрон йўналишидаги доимий можаролар бу ҳудудни нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизлик учун ҳам энг хавфли нуқталардан бирига айлантирди. Вазият қачон барқарорлашиши, минтақада узоқ кутилган тинчлик қачон ўрнатилиши ҳозирча номаълум. Биз эса воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WFQvjqixw4g" title="Global ochlik kuchayadimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Фардона Яхшибоева, Искандар Исматов (видео), ЎзА