Геология фанлари университетида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг масъул ходимлари, мазкур университет ҳамда “Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти” давлат муассасаси раҳбарлари, шунингдек, Корея конларни қайта тиклаш ва минерал ресурслар ташкилоти (KOMIR) вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда “Ўзбекистонда фойдали қазилмалар ва хавфли геологик жараёнлар учун интеграциялашган бошқарув тизимини яратиш” лойиҳаси доирасида амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Лойиҳанинг асосий мақсади қазиб олиш жараёнида табиий муҳитга салбий таъсирни минимал даражага тушириш, хавфли геологик жараёнларнинг олдини олиш ва қазилмалардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир.
Учрашувда KOMIR ташкилотининг халқаро тажрибаси ҳамда илғор технологияларини Ўзбекистон шароитига мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, фойдали қазилмалар захираларини узлуксиз мониторинг қилиш, хавфли геологик жараёнларни эрта аниқлаш, конларни рекультивация қилиш ва минерал ресурсларни қайта тиклаш йўналишларида ҳамкорлик механизмлари белгилаб олинди.
Таъкидланишича, лойиҳа нафақат геология соҳасини, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва мамлакат иқтисодий ривожланишини ҳам қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, мутахассислар малакасини ошириш, замонавий лаборатория базасини яратиш каби йўналишлар ҳам режага киритилган.
Кореялик мутахассислар Ўзбекистондаги қазилма конларининг геологик хусусиятларини ўрганиш, хавфли жараёнларни олдиндан башорат қилиш ва самарали бошқарув тизимини жорий этишда ўз кўмаги ва тажрибасини тақдим этишга тайёр эканини билдирди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, бу ташаббус Ўзбекистоннинг геология соҳасидаги халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб, минерал ресурслардан барқарор ва самарали фойдаланишга замин яратади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА