Ҳашарда ҳам ҳикмат кўп
Ташаббус
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги Чилонзор маҳалласи аҳолиси ҳашар йўли билан Шеробод дарёси устида янги кўприк барпо этди. Узунлиги 45, эни 3,6 метр бўлган мустаҳкам кўприк ер сатҳидан 5,8 метр баландликда қад ростлади.

Шу пайтгача тоғли маҳалла маркази билан дарёнинг нариги қирғоғидаги аҳоли пункти ва ундан ҳам олисроқдаги Узунқудуқ қишлоғини бир-бири билан боғлаш учун ёғоч ва сим устунларидан иборат осма кўприк хизмат қилди. Эскириб қолган кўприкдан, айниқса, ёши улуғ инсонлар ва болажонлар қийналиб ўтишар, автотранспорт воситалари ҳам дарёнинг нариги қирғоғига дарё бўйлаб тепаликка ҳаракатланишда қийинчиликларга дуч келаётган эди.

Дарёнинг икки қирғоғида яшайдиган маҳаллада 724 хўжалик мавжуд. Бу оилаларнинг 136 таси дарёнинг кунчиқар тарафида истиқомат қилади. Шу тарафдаги Узунқудуқ қишлоғида ҳам 54 хўжалик рўзғор тебратади.
Янги кўприкни барпо этиш учун маҳалла аҳолиси давлат бюджетига кўз тикмади. Катта-кичик раҳбарларга ҳа, деганда дардини достон қилавериб, нажот кутмади. Оқсоқоллар билан кенгашиб, муаммони миллатимизга хос қадимий юксак фазилат – ҳашар йўли орқали ҳал этди. Кўприкнинг бунёд этилишини ҳам чеккадан кимдир сезди, кимдир илғамай қолди. Зарур маблағ йиғилгач, унинг қурилишида ёшу кекса фаол иштирок этди.

– Дарё устида замонавий кўприкнинг қурилиши халқимизнинг кўп йиллик орзуси эди, – дейди Чилонзор маҳалласи раиси Сайдулло Саломов. – Эндиликда у халқимизнинг, шунингдек, қўшни Узунқудуқ қишлоғи одамларининг маҳалламиз марказига қишин-ёзин хавфсиз ҳаракатланишига қулай имконият яратди.

Янги кўприкнинг фойдаланишга топширилиши болажонларнинг мактаб ва мактабгача таълим муассасасига бехавотир қатнашини таъминлаб, тез тиббий ёрдам машиналарининг аҳолига сифатли, тезкор хизмат кўрсатиши, бошқа транспорт воситалари ҳаракати ва фермерлар етиштирган маҳсулотларни ташиш жараёнини тубдан енгиллаштирди.

Бойсун туманидаги тоғли қишлоқларда ҳашар йўли билан кўприк қурилиши ўзига хос анъанага айланган. Туманда, шунингдек, муборак ҳаж сафари учун жамғарган маблағи эвазига кўприк барпо этган саховатпеша инсонлар ҳам бор. Масалан, бундан икки йилча аввал машҳур Омонхона қишлоғида яшайдиган Раҳмат Эшбоев ҳаж учун йиққан маблағини ҳудуддаги сой устида кўприк қурилишига сарфлаган эди. Яна бир меҳнат фахрийси Рамазон Абдуллаев ҳаж сафарига атаган маблағи ҳисобидан ўзи яшайдиган Гуматак қишлоғида сел сувларига чидамли, мустаҳкам кўприк қуриб берди. Ҳар икки оқсоқолнинг маблағи эвазига сой устида ёғин-сочинли кунларда нафақат пиёдалар, балки транспорт воситалари ҳам хавфсиз ҳаракатланадиган кўприк қад ростлаб, аҳолига туну кун беминнат хизмат қилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири