Бугун дунё миқёсида энг долзарб мавзулардан бири — глобал иқлим ўзгариши. Унинг турли тармоқларга таъсири тадқиқотчилар ва илмий ҳамжамият эътибори марказида. Жумладан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги барқарорлигига салбий таъсирини камайтириш учун ўрганишлар давом этмоқда. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган халқаро анжуман “Глобал иқлим ўзгариши шароитида ўсимликларни ҳимоя қилишнинг долзарб муаммолари” мавзусига бағишланди.
Тадбир 10 га яқин давлат экспертлари, FAO, ICARDA, KOICA каби халқаро ташкилотлар вакилларини бир майдонда жамлади. Иштирокчилар иқлим ўзгариши шароитида ўсимликларни касалликлар, зараркунандалар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишнинг янги биологик ва интеллектуал усулларини ишлаб чиқиш, илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда фан ва амалиётни яқинлаштириш масалаларига эътибор қаратдилар.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳароратнинг ҳар йили 1°C га ошиб бориши натижасида донли экинлар ҳосилдорлиги ўртача 5–7 фоизга камайиши мумкин. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосини янада чуқурлаштиради. Шу сабабли Ўзбекистонда ҳам иқлим ўзгаришининг таъсирини ўрганишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Мамлакатда экологик барқарор маҳсулот ишлаб чиқариш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва инновацион ҳимоя воситалари босқичма-босқич жорий этилмоқда.
- Халқаро ҳамжамият иқлим ўзгариши шароитида пестицидлардан фойдаланишни ҳам кўриб чиқиши керак, - дейди Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги вакили Томи Какимото. – Бу жуда муҳим масала. Сабаби, кимёвий воситаларнинг тартибсиз қўлланилиши салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ўзбекистоннинг бу борадаги амалиётига келсак, мамлакатингизда кимёвий воситаларни қўллаш босқичма-босқич қисқариб бораётгани ижобий динамика, деб ҳисоблайман. Бу нафақат органик маҳсулот етиштириш учун асос бўлади, балки экологик мувозанатни сақлаб қолишга ёрдам беради.
Анжуманда иқлим ўзгариши шароитида самарали ечим сифатида биологик курашни ривожлантириш таклиф этилди. Қолаверса, Ўзбекистонда биомаҳсулотларни кенг қўллаш учун қулай муҳит, об-ҳаво ва экин турлари мавжуд. Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, бугунги кунда зараркунандаларга қарши биомаҳсулот тайёрлаб берувчи биолабораториялар сони 600 дан ошган. Уларнинг жаҳон стандартларига мос равишда маҳсулот тайёрлашига кўмаклашувчи “Биосифат” республика маркази эса халқаро аккредитацияга эга.
Халқаро экспертлар ва мутахассисларнинг ана шундай жонли мулоқотлари ва фикр алмашувлари глобал муаммоларни ҳамкорликда тадқиқ этиш ҳамда тўғри ечим топишга ёрдам беради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xnnitIWVmJY" title="Harorat oshmoqda, o‘simliklar dunyosi nima bo‘ladi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА