Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ тушумларини оширишда фуқароларнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этади. Биргина харид чекини талаб қилиш орқали ҳар бир истеъмолчи давлат бюджетининг даромад қисмига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.
Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида кенг тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида “Харид чеки олишни унутманг” номли акция ташкил этилди.
Акция давомида иштирокчиларга яширин иқтисодиётнинг моҳияти, унга қарши курашишнинг самарали усуллари ҳамда харид чекини талаб қилишнинг аҳамияти ҳақида мутахассислар томонидан батафсил маълумот берилди. Шунингдек, “Солиқ” мобил иловаси орқали чекни рўйхатдан ўтказиш тартиби ва унинг фуқаролар учун яратиладиган қулайликлари ҳақида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди.
Маълумки, харидни амалга ошириб, чекини мобил илова орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга ой якунида харид суммасининг 1 фоизи қайтарилади. Жорий йилнинг ўтган ойи давомида вилоятимиздаги 49 мингга яқин фуқарога 6 миллиард сўмга яқин кэшбек тўлаб берилган.
[gallery-26198]
Шу билан бирга, “Солиқ ҳамкор” тизими орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган фуқароларга тасдиқланган ҳолатлар бўйича қўлланилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланиши белгиланган. Бу йилнинг ўтган даври мобайнида 2 мингга яқин фуқарога 2 миллиард сўмга яқин мукофотлар тўлаб берилган.
Тадбир сўнггида иштирокчилар “солиқ нима?”, “тўлов муддатлари ва турлари”, “солиқ тўлаш маданияти” каби мавзулардаги савол-жавобларда қатнашди.
Фаол иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА