Гулистон давлат университети Маданият саройида Вилоят ФВБ ташаббуси билан Гулистон ҳарбий прокуратураси, вилоят Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда тегишли куч тузилмалари билан ҳамкорликда “Миллий армия — она юрт қаноти, тинчлигимиз посбони” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик ва тарғибот тадбири ташкил этилди.
Тадбирни университетнинг ёшлар ишлари ва маънавий-маърифий масалалар бўйича 1-проректори Козим Қудратов кириш сўзи билан очиб, фавқулодда вазиятлар ходимларининг аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги муҳим ўрни ҳақида маъруза қилди.

Шунингдек, Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари полковник Шерали Эрназаров тадбир иштирокчиларига ҳудуддаги хавфсизлик тизими ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

– Ҳар бир ёш авлодни ватанпарварлик ва ҳарбий ҳамда жисмоний тайёргарлик руҳида тарбиялаш – давлатимиз ва жамиятимиз учун устувор вазифадир. Фавқулодда вазиятлар тизими ходимлари аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширишда доимий фаолият юритмоқда. Бундай тадбирлар ёшлар билан мулоқотни кучайтириб, уларда масъулият ва ғамхўрлик ҳиссини мустаҳкамлайди.

Тадбирда иштирок этганлар ушбу тадбирнинг аҳамияти ва ёшларнинг жисмоний ҳамда маънавий тайёргарлигини оширишда қўлланилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар тақдим этдилар.

Тадбирнинг бадиий қисмида Ўзбекистон Республикаси ФВВ Академияси ҳарбий оркестри ижросидаги
қўшиқ, куй ва рақслар, шунингдек ходимларнинг шарафли ва фидокорона фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири