Бухорода давлат ва жамият бошқарувидаги аёлларнинг ролини ошириш ва ишбилармон аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов юртимизда, жумладан, вилоятда гендер тенглик бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди.
Бугун вилоятда ҳар жабҳада илғор, ташаббускор ва ибратли хотин-қизлар сони тобора ошиб бормоқда. Хусусан, Олий Мажлис Сенатида 1 нафар, Қонунчилик палатасида 1 нафар, маҳаллий Кенгашларда эса 103 нафар бухоролик аёллар фаолият юритмоқда. Вилоятда 2395 нафардан зиёд хотин-қизлар турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда.

Сўнгги 7 йил ичида вилоятда ишбилармон аёллар сафи ҳам кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 25 минг нафардан ошди. Биргина ўтган 2024 йилнинг ўзида юртимизда турли байрам саналари муносабати билан 20 нафар хотин-қизлар давлат мукофотлари билан тақдирланди. Шу билан бирга, вилоят, барча шаҳар ва туманлардаги жамоатчиликка, аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган, обрў-эътиборли аёлларни ўз сафида бирлаштирган “Оқила аёллар” ҳаракати бугун том маънода жамиятимиз овозига, маҳалла виждонига айланди.

Тадбир давомида ўзининг етакчилик салоҳиятига эга, турли лавозимлар меҳнат қилаётган хотин-қизлар фаолиятини ўзида акс эттирган видеоролик намойиш этилди.
Шунингдек, семинарда мазкур йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.