Муносабат
Маҳалла – бу нафақат маъмурий-ҳудудий бирлик, балки жамиятда ижтимоий назорат, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик тамойилларини рўёбга чиқарувчи институционал тузилма сифатида намоён бўлмоқда.

Куни кеча Президент раислигидаги ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилиши маҳалла тизимидаги яна бир катта бурилиш нуқтаси бўлди. Йиғилишда маҳаллаларни ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди, молиявий манбалар кўрсатилди ва мутасаддилар олдига катта масъулият юклатилди.
Хусусан, маҳаллаларда жорий этилган “еттилик” тизими туфайли кредит, субсидия, моддий ёрдам каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасида тақдим этила бошлади. Бу имкониятлар туфайли 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқди, ишсизлик даражаси икки баробарга камайди. 3,5 мингдан ортиқ маҳалла замонавий қиёфа касб этди.
Йиғилишда маҳаллаларда тадбиркорлик лойиҳаларини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, барча маҳаллада ихтисослашувни охирига етказиш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бунда маҳаллалар аҳолиси билан учрашиб уларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, аниқ ихтисослигини белгилаш, камида 200 минг аҳолини банд қиладиган микролойиҳаларни шакллантириш топширилди.
Янги ёндашувга кўра, ҳар бир маҳаллада аҳоли салоҳияти, меҳнат ресурслари ва мавжуд инфратузилмадан келиб чиққан ҳолда иқтисодий ихтисослашув жорий этилади. Бунинг моҳияти – маҳалланинг аниқ бир соҳа бўйича ривожланишига шароит яратишдир.
Маҳаллаларга 2 минг квадрат метргача бўш давлат объектларини аукционга чиқариш ваколати берилган. Эндиликда маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси бўш турган 5 минг квадратгача бўлган давлат мулкини аукционга чиқариши мумкин бўлади. Сотувдан тушган маблағнинг 70 фоизи маҳалланинг ўзида қолади ва инфратузилмага сарфланади.
Шу билан бирга, маҳалла биноларини замонавий сервис объектига айлантириш учун тадбиркорларга қўшимча енгилликлар берилади. Жумладан, шаҳар ва вилоят марказида тадбиркорлар томонидан қурилиб, пастки қаватида “маҳалла еттилиги” жойлашадиган бинолар 3 йил муддатга ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади. Қишлоқ жойларда эса бу имтиёзлар 7 йил бўлади. Бино эгаси бўлган тадбиркорлар ушбу муддат давомида фойда ва айланмадан солиқни 50 фоиз пасайтирилган ставкада тўлайди.
Бу механизм маҳаллага нафақат ташкилий, балки молиявий мустақиллик ҳам беради. Бу маҳалланинг ўз иқтисодий стратегиясини ишлаб чиқиши ва жойларда муаммоларни тезкор ҳал этиши учун муҳим қадам ҳисобланади. Қишлоқ жойларида бу имтиёзлар янада узоқ муддатли қилинаётгани ҳудудлараро тенгликка эришиш ва минтақавий ривожланишга катта ҳисса қўшади.
Шунингдек, йиғилишда давлат раҳбари ёшлар тарбияси, оилавий муносабатлар, ажримлар, алимент тўламаслик, эрта никоҳ сингари муаммоларга қарши курашишда маҳаллаларнинг ролини янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Никоҳ шартномаси, ёшларга масъулиятни тушунтириш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш вазифалари қўйилди.
Маҳаллада тозалик ва ободончилик кўрсаткичи нафақат аҳолининг маданияти, балки давлат идоралари фаолиятининг асосий ўлчовидир. Шу боис, республика бўйлаб “озодалик ойлиги” эълон қилинди. Ҳар бир ҳокимлик ва “еттилик” тизимига тозаликни таъминлаш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Хулоса қилиб айтганда, маҳалла – жамиятнинг асосий таянчи, халқ ҳаётининг маркази ва давлат сиёсатидаги муҳим устун саналади. Янги молиявий ресурслар, ислоҳ қилинган тизимлар, депутатлар ва маҳаллий ҳокимият органларининг масъулияти ошиши, шунингдек, аҳоли билан яқин ҳамкорлик маҳаллаларни нафақат ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш марказига, балки тадбиркорлик, маданият ва тарбия марказига айлантирмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг барча соҳаларда барқарор ривожланиш ва фаровонлик кафолати бўлиб, маҳалла институтини янада мустаҳкамлайди.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА