Бугунги кунда одамлар орасида бош оғриғидан шикоят қиладиганлар анча кўпайиб қолган. Айниқса, шаҳарда истиқомат қиладиганлар шикоят қиладиганларнинг аксарини ташкил этади.
Иқлимшуносларнинг фикрича, бунга бу йилги куз фаслининг одатдагидек келмагани сабаб.
—Қурғоқчилик давом этмоқда. Ёзда офтобда куйгани ҳали совимаган тупроқ заррачалари ҳаво таркибида муаллақ юрибди. Ҳарорат юқори, шамоллар ҳавони янада қуритмоқда. Ҳаво чанг, оғир, унда инсоннинг шошқалоқлиги ва саноатнинг ис гази ҳам аралашиб кетган.
Тўғри, қуёшдан чарчаган одам танасига эндиги қуёш тафти ёқимлидек, уйқулар ҳам нормаллашгандек, гўё. Аммо, мия ҳануз дам олмаяпти.
Ҳаво қулай эмас, қандайдир оғир. Унда нафақат чанг, балки инсоннинг ҳаддан зиёд шошилиши, табиат билан ҳисоблашмаган саноатнинг ис гази ҳам учиб юрибди. Кислород кам. Қад ростлаган бино ҳар куни янада баландга кўтарилмоқда, лекин кислород кўпаймаяпти. Қишлоқдан пойтахтга, шамолдан кўкка интилиш бор, ҳаво айни дамда ўзига сиғмай қолгандек, дея қайд этди иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатов.
Унинг сўзларига кўра, экологик мувозанат бузилмоқда. Бу йилги куз на ранги, на нафаси билан одатий эмас. Барглар ҳўл сарғайиш ўрнига қақраган ва чанг босган. Олтинтоб япроқлар жилоси сўниб, ҳавода хазон ҳиди сезилмаяпти. Тунлари тиниқ юлдузлар ўрнига сарғиш туман пардалари пайдо бўлган. Одамлар эса чарчоқ, уйқусизлик ва нафас сиқиши каби ҳолатларни бошдан кечирмоқда.
Олимнинг фикрича, бунга ягона ечим ёмғир.
— Табиатнинг нафаси, осмоннинг энг соф ифодаси бўлган ёмғир керак. Ёмғир чангни ҳам, юракдаги оғирликни ҳам ювиб ташлайди.
Ҳақиқий куз — ёмғир билан бошланади, — дейди Э.Абдулаҳатов.
Шербек Исломов, ЎзА