
ФОТОРЕПОРТАЖ
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали пойтахт ва хорижий марказлар билан ҳамкорликни янада фаоллаштириш ҳамда самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни илгари сурмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири – “Кардиожарроҳликда замонавий йўналишлар” мавзуида халқаро конференция ташкил этилди.
Халқаро анжуманда Россия Федерациясининг Республика кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази давлат муассасасининг Федерал илмий-клиник маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари доктори Антон Стаферов, Тошкентдаги “Медион” клиникаси жарроҳи, профессор Юрий Симельников, РИКИАТМ Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов ва бошқа олим-шифокорларнинг замонавий кардиожарроҳликдаги янги йўналишлар, уларни қўллаш йўл-йўриқларига оид маърузалари тингланди, фикр-мулоҳазалар алмашилди.
[gallery-22704]
Тадбирнинг иккинчи куни филиалнинг мажлислар залида вилоят кардиожарроҳлари ҳамда Россия Федерациясининг Республика кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисидаги меморандум имзоланишига бағишланган анжуман ўтказилди.
Филиал директори ривожланган мамлакатларнинг етакчи мутахассислари билан илмий-амалий ҳамкорликлар кўлами ва қувончли натижалари, бу жараёнлар маҳаллий мутахассислар маҳоратини оширишнинг муҳим омили бўлаётганлигини таъкидлади. Ўз навбатида россиялик меҳмон наманганлик ҳамкасбларининг ташаббускорлиги, интилиши, дунёнинг қаерида бўлмасин энг илғор тажрибаларни ўрганиб келиб, вилоят аҳлининг саломатлигини тиклашда қўллаётганлигини эътироф этди.
Имзоланган меморандум россиялик ҳамкасблар билан илмий-амалий ҳамкорлик, тиббиёт илм-фани ютуқларини биргаликда қўллаш, илмий кадрлар алмашиш, малака ошириш курслари ва семинарларини ташкил этиш каби эзгу мақсадлар рўёбининг пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Тадбир доирасида россиялик малакали шифокорлар юрак хасталиги билан мурожаат қилган 50 дан зиёд беморни тиббий кўрикдан ўтказиб, даво муолажалари белгилади. Сўнг улар маҳаллий ҳамкасблари иштирокида жарроҳлик амалиётларига киришди. Шифокорларнинг мўъжизакор қўллари, билим ва заковати туфайли туғма юрак нуқсони билан дунёга келган кичик ёшдаги бир неча боланинг умрига умр қўшилди. Туғма юрак нуқсонининг ўпка артерияси инфиндикуляр стенози деб аталувчи энг мураккаб турли операцияси филиал мутахассислари учун кўргазмали маҳорат дарси бўлди. Шунингдек, ўтказилган 20 та юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётида қўлланилган янги усуллар назарий ва амалий жиҳатдан пухта ўзлаштирилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА