
Кўҳна Самарқанд шаҳрида йирик нуфузли анжуман – “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити бўлиб ўтади. Анжуман арафасида "Euronews" телеканалига берган интервьюсида Президентимиз мазкур саммит Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда янги саҳифа бўлишига ишонч билдирди.

Дарҳақиқат, илк бор Марказий Осиёнинг бешта давлати ва Европа Иттифоқи раҳбарларини бир жойда йиққан саммит чинакам тарихий аҳамиятга эгадир.
Маълумки, бугунги кунда Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатда жами ярим миллиарддан ортиқ аҳоли яшайди, ЕИнинг номинал ялпи ички маҳсулоти 19 триллион евродан ошади, сотиб олиш паритетига кўра эса – 26 триллион евро. Европа Иттифоқи – кўп қутбли дунёда энг бой ва технологик ривожланган қутблардан бири бўлиб қолмоқда.
Айниқса, ҳозирги, глобал, ҳатто, айтиш мумкинки, беқарор сиёсатда катта ўзгаришлар бошланган шароитда Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқиши ҳар иккала минтақа учун манфаатли ва самарали кечиши аниқ.
Зеро, кўриб-билиб турибмиз, сайёрамизда янги сиёсий-иқтисодий тартибот шаклланиб бошлади. Янги тартиботда эса Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи бир-бирига жуда эҳтиёжманд. Ҳар иккала минтақа раҳбарлари мазкур эҳтиёжни вақтида чуқур англаб, конструктив мулоқотга киришганлари эътирофга сазовор, албатта. Шу сабабдан ишонч билан айта оламизки, мазкур анжуман Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё муносабатларида янги саҳифа очади.
Давлатимиз раҳбари эксклюзив интервьюсида алоҳида қайд этиб ўтганидек, “Саммит иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган: Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги товар айирбошлаш сўнгги етти йил ичида тўрт баробар ошгани муносабати билан саммит ушбу суръатни мустаҳкамлаш ва қўшма вазифаларни ҳал этишда минтақалараро ҳамкорликни кенгайтиришга интилади”.
Тарихдан маълум, иккала минтақа ўртасидаги муносабатлар қадимий илдизларга эга. Чунончи, Ипак йўли асрлар давомида Европани Марказий Осиё билан боғлаган. Нафақат савдо, балки ғоя, маданият ва инновация алмашинуви ҳам бўлган. Энди ушбу бой меросга таянилган ҳолда, қадимий анъаналари замонавий ва узоқ муддатли ҳамкорликка айлантирилмоқда.
"Euronews" мухбирининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган қандай ислоҳотлар Европа Иттифоқи билан иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашга туртки бериши мумкинлиги ҳақидаги саволига Президентимиз мазмундор ва кўламли жавоб қайтарди: “Ўзбекистонда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, бозор институтларини ривожлантириш, сармоявий муҳитни яхшилаш изчил давом эттирилмоқда. Хорижий инвесторлар учун “ягона дарча” тизимини жорий этиш, валюта бозорини либераллаштириш, тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини камайтириш бу борадаги муҳим қадамлардан иборат. Натижада мамлакатимизнинг Европа Иттифоқи билан иқтисодий ҳамкорлиги ижобий динамика кўрсатди. 2024 йилда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 5,2 фоизга ўсиб, 6,4 миллиард долларга етди”.
Қайд этиб ўтиш жоиз, Саммитда ўзаро ҳамкорликнинг умумий йўналиш ва устуворликлари белгиланмоқда. Жумладан, савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш, тоза энергия, ўта муҳим хом ашё ресурслари ва бошқа соҳаларни қамраб олади.
Европа Иттифоқининг инвестиция стратегияси – “Global Gateway” муҳокама марказида бўладиган саммитда Марказий Осиё учун “Team Europe” ташаббуси доирасидаги инвестиция пакети эълон қилинади. Ушбу ҳужжатдан транспорт, ўта муҳим хом ашё ресурслари, рақамли тармоқ, сув ва энергия транспорти боғлиқлигини ривожлантириш борасидаги изчил ҳамкорлик режалари ўрин олган.
Бугун дунёнинг йирик мамлакатлари ҳам энергия барқарорлиги муаммосига дуч келмоқда. Табиийки, "Euronews"ни Европанинг энергия барқарорлигини таъминлашда Марказий Осиё минтақаси қандай роль ўйнаши мумкинлиги қизиқтиради.
Давлатимиз раҳбари бу саволга жавоб берар экан, Марказий Осиё нафақат барқарор энергия таъминотини таъминлаш, балки глобал декарбонизацияга салмоқли ҳисса қўшишга қодир ишончли ҳамкорга айланишини таъкидлаб ўтди ва “Ҳамкорликнинг асосий йўналиши Марказий Осиё давлатлари иштирокида Каспий ва Қора денгиз орқали Европага олиб борадиган Яшил стратегик йўлакни яратиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳадир. Ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши ўзаро манфаатли энергия алоқаларимиз учун мустаҳкам пойдевор яратади”, деди.
Бу вазифа, албатта, Сайловолди дастурида “2050 йилгача углерод нейтраллигига эришиш учун қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни янада кенгайтириш” вазифаси алоҳида белгилаб қўйилган “Адолат” СДП зиммасига улкан масъулият юклайди ва биз дастуримизда белгиланган йўналишдаги янада кучайтиришга тайёрмиз.
Сермазмун интервью якунида Президентимиз европалик ҳамкорларга мурожаат билан чиқди. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Биз Европа Иттифоқининг минтақанинг очиқлиги, гуллаб-яшнаши ва субъективлигини кучайтиришга бўлган интилишларимизни қўллаб-қувватлаётганини юксак қадрлаймиз. Европа Иттифоқи бизнинг Марказий Осиёни барча манфаатдор томонлар билан очиқ ва тенг ҳуқуқли шерикликка тайёр, бирлашган ва динамик минтақага айлантириш мақсадимиз билан бирлашиши алоҳида аҳамиятга эга”.
Чиндан ҳам, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити иккала минтақа муносабатлари ривожланишидаги муҳим босқич бўлади. Демак, Самарқанддаги учрашув якунлари ҳамкорликнинг янги истиқболларини очади.
Робахон МАҲМУДОВА,
"Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси
ЎзА