Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Франция Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук ишчи ташриф билан Сирдарё вилоятида бўлди.

Ташриф доирасида вилоят ҳокимлигида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов билан учрашув ўтказилди. Унда ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро манфаатли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдилар.

Шундан сўнг, Франция элчиси Гулистон шаҳридаги 15-умумтаълим мактабига ташриф буюрди. Меҳмонни вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Малвонбердиев ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоевалар кутиб олишди.

Таъкидлаш жоизки, 2025–2026-ўқув йилидан бошлаб вилоятда француз тилини ўқитиш сифатини янада ошириш, ўқувчиларнинг тил билиш кўникмаларини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш мақсадида Франциядан икки нафар мутахассис жалб этилган.

Жумладан, Боёвут туманидаги 21-умумтаълим мактабида Бенжамин Гуиттеау, Гулистон шаҳридаги 15-умумтаълим мактабида Раяне Бекҳакҳ фаолият юритмоқда.

Ташриф давомида элчи мактабда иккинчи хорижий тил сифатида француз тилини ўрганаётган 11-синф битирувчи ўқувчилари билан учрашиб, улар билан очиқ мулоқот қилди. Суҳбат жараёнида ўқувчилар ўз билим ва кўникмаларини намойиш этдилар, Франция маданияти, таълим тизими ҳамда келгусидаги режалари ҳақида фикр алмашдилар.

Элчи ёшларнинг француз тилига бўлган қизиқиши ва эркин мулоқот қилиш қобилиятини юқори баҳолаб, уларга таълим йўлида муваффақиятлар тилади. Шунингдек, тил ўрганиш нафақат билим, балки янги имкониятлар эшигини очиши, халқаро майдонда ўз ўрнини топишда муҳим омил эканини таъкидлади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири