
Гулистон давлат университети ректори, профессор М.Ходжиев университетнинг яқин ҳамкори – Хитой Халқ Республикасининг “Yangling” касб-ҳунар ва техника коллежи ўқитувчилари Занг Вен ва Зоу Венжеларни қабул қилди.
Мулоқот давомида “Yangling” касб-ҳунар ва техника коллежи президенти жаноб Зонг Вейзоунинг 2024 йил 11 июлда Гулистон давлат университетига амалга оширган ташрифи чоғида тузилган келишувлар ва қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди. Учрашувда ушбу ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли ва муваффақиятли давом этаётгани таъкидланди.

Меҳмонлар ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичида таълим, илмий ва инновацион йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилаётгани ҳақида маълумот беришди.
Хитойда таълим ва касбий тайёргарлик соҳасида муваффақиятли фаолият юритаётган “Yangling” касб-ҳунар ва техника коллежи Гулистон давлат университети билан алоқаларини янада мустаҳкамлашни режалаштирмоқда. Ҳамкорлик доирасида талабалар ва ўқитувчилар ўзаро тажриба алмашади, инновацион лойиҳалар амалга оширилади ва замонавий технологиялар ҳамда илмий тадқиқотлар соҳасида билимлар алмашинади.

– Гулистон давлат университети ва “Yangling” касб-ҳунар ва техника коллежи ўртасидаги ҳамкорлик ҳар икки таълим муассасаси учун катта аҳамиятга эга. Бу алоқалар доирасида талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг академик алмашинуви, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш каби имкониятлар яратилади. Шунингдек, замонавий технологиялар ва илмий ишланмалар бўйича тажриба алмашиш жараёнини йўлга қўйиш асосий мақсадларимиздан бири ҳисобланади, – дейди Гулистон давлат университети кафедра мудири Абдушоҳид Пазилов.–Учрашув давомида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳамкорлик келгусида университетимизда халқаро стандартларга мос таълим дастурларини жорий этиш, шунингдек, инновацион ечимларни ишлаб чиқишга туртки беради.
Тадбир якунида Гулистон давлат университети ректори М.Ходжиев меҳмонларга дўстлик ва ҳамкорлик рамзи сифатида эсдалик совғаларини топширди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири