Россия Федерацияси делегацияси Навоий шаҳрининг экспорт ва импорт салоҳиятини ўрганиш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг фаолияти, имкониятлари ҳамда халқаро ҳамкорлик истиқболлари билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюрди.
Уларни Навоий темир йўл вокзалида шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев ва бир гуруҳ расмийлар кутиб олди.
Делегация аъзолари “Навоий Ишонч Гиламлари” МЧЖ ҚК корхонасига ташриф буюрди.

Мутахассислар томонидан делегация аъзоларига дастлабки хом ашёни қайта ишлаш, ип йигириш, ранг бериш, нақшлар тушириш, гилам тўқиш ҳамда тайёр маҳсулотни қадоқлашгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжири ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Жараёнларда замонавий технологиялар ва юқори унумдор автоматлаштирилган ускуна ҳамда линиялардан фойдаланилаётгани, бу эса маҳсулот сифатини ошириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш имконини бераётгани алоҳида таъкидланди.

Мазкур корхона 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 3 навбатда 500 нафарга яқин ишчи фаолият олиб боради.
Айни пайтда бу ерда гилам ишлаб чиқариш билан бирга гиламларни кимёвий тозалаш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Корхонада ишлаб чиқариш қувватини ошириш мақсадида технологик янгиланишларга қўл урилган. Ҳозирда иш самарадорлиги юқори бўлган икки рапирали тўқув дастгоҳи олиб келинган. Ушбу дастгоҳ йилига 1 миллион 120 минг метр квадрат ҳажмдаги гилам ишлаб чиқариш имконини беради ва энергия сарфини сезиларли даражада камайтиради.

Бугунги кунда “Навоий Ишонч Гиламлари” МЧЖ ҚК маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Ҳозирда маҳсулотлар Россия ва бошқа МДҲ давлатларига экспорт қилинади.
Корхонада Россия давлати билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан самарали музокаралар олиб борилди.
Мулоқотлар давомида россиялик ҳамкорлар томонидан корхонанинг экспорт салоҳияти ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари алоҳида эътироф этилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири