30 июль — Халқлар дўстлиги куни муносабати билан "Долзарб 90 кун" лойиҳаси доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Шофиркон туманида ҳам “Ўзбекистон – ягона Ватан!” шиори остида “Дўстлик” фестивали юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур фестивальШофиркон тумани ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат бўлинмаси ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилди. Унда тумандаги барча ташкилот ва корхоналар, таълим муассасалари вакиллари, фаоллар, ижодий гуруҳлар, ҳунармандлар ҳамда маҳаллий жамоатчилик иштирок этди. Тадбир миллатлараро дўстлик, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб қилишга хизмат қилди.

Миллий таомлар миллий руҳ ва меҳрнинг кўзгусидир.Фестивалнинг диққатга сазовор жиҳатларидан бири 20 дан ортиқ туман ташкилотлари иштирокида ташкил этилган миллий таомлар кўргазмаси бўлди. Айнан фестиваль жараёнида турли миллатга хос анъанавий таомлар — бешбармоқ, қуртоба, палов, мастава, шўрва ва бошқа миллий таомлар тайёрланиб, кенг жамоатчиликка тортиқ қилинди. Бу орқали турли миллат ва элатларнинг урф-одати, маданияти ва халқона меҳмондўстлиги янада яққол намоён бўлди.

Маънавият ва санъат уйғунлиги кўриниши сифатида фестиваль давомида маҳаллий ҳунармандлар иштирокида ташкил этилган зардўзлик, каштачилик, кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги каби халқ амалий санъати кўргазмалари, болалар ва ёшларнинг миллий чиқишлари, маданият ходимлари ижросидаги жонли куй-қўшиқлар барчага байрамона руҳ ва миллийлик завқини улашди.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи “Соғлом ҳаёт” бурчаги ҳам ташкил этилиб, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом ҳаёт фалсафасини қарор топтиришга хизмат қилди.

Спортда ҳам дўстлик руҳи бор. Ёшлар ўртасида ўтказилган кураш мусобақаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Спортчилар мардона ва ҳалол беллашувларда қатнашиб, ўз маҳоратларини намоён этди. Ғолиблар Шофиркон тумани ҳокими томонидан фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани айни ҳақиқат. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу борада шундай деган эдилар: “Биз турли миллат ва элатлар тинч-тотув, ўзаро дўстона яшаётган юртда истиқомат қиламиз. Уларнинг ҳар бири биз учун азиз ва муқаддас. Миллатлараро тотувлик — бу давлат барқарорлиги ва тараққиётининг энг муҳим омилидир.”

Мазкур тамойилларни амалда ифода этган “Дўстлик” фестивали Шофиркон туманида халқлар дўстлиги ва юрт бирлигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Фестиваль миллий қадриятларни қадрлаш, турли миллат ва элат вакилларининг аҳиллиги, ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш йўлида ўзига хос маънавий майдонга айланди.
Дилором Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари
ЎзА