Муносабат
Дарҳақиқат, маҳалла ва яхши қўшничилик ўзаро уйғун қадриятлардир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида қайд этилганидек, мамлакатимизда ўтказилган ижтимоий сўровларда иштирок этганларнинг 90 фоизи ўзини маҳалла жамоасининг бир қисми деб ҳисоблайди. Бу ҳам бежиз эмас. Маҳаллага – элга дахлдорлик туйғусининг асосидир.
Президентимиз "Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак", дея таъкидлади.
Элдор Туляков, "Тараққиёт стратегияси" маркази директори:
– Давлатимиз раҳбарининг Олий мажлисга ҳамда Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасини катта қизиқиш билан кузатар эканмиз, келгуси йил учун режалаштирилган муҳим ташаббуслардан мамнун бўлдик. Бу Ўзбекистоннинг яқин ва узоқ келажагига тамал тоши қўйиш билан баробар. Жумладан, унда қабул қилинадиган давлат дастурлари, соҳалараро стратегияларни такомиллаштириш каби масалалар ўрин олгани эътиборга сазовордир.
Аҳолимиз ислоҳотларни яқиндан ҳис этиши учун маҳалла тизимини янада такомиллаштириш, маҳалла инфратузилмасини барча йўналишларда ривожлантириш масалаларига давлатимиз раҳбари алоҳида тўхталди. Бу билан халқимизнинг розилик ҳиссини аввало маҳаллада уйғотиш мақсад қилинган.
Катта ташаббуслар қаторида ўзбекистонлик космонавтларни космосга учириш, бунга салоҳиятимиз, имкониятларимиз кенг йўл очишини ишонч билан таъкидлангани бизни янада тўлқинлантирди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/2wgpx5xauOs" title="Xalqimizda rozilik hissini avvalo mahallada uyg‘otish maqsad qilingan" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА