
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Халқаро валюта фондининг Ўзбекистон бўйича миссияси раҳбари Яссир Абдих бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда томонлар мамлакатимиздаги иқтисодий ривожланиш тенденциялари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, эришилган натижалар ва келгусидаги режаларни муҳокама қилди. Бунда хизматлар, хусусан, бозор хизматлари, туризм, ахборот технологиялари ва молиявий соҳалардаги юқори кўрсаткичлар, аҳоли жон бошига ЯИМнинг ўсиши, инфляция даражасининг барқарорлигини таъминлаш, саноатдаги натижалар, давлат бюджети сиёсати, ДХШ дастурлари асосида амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари, яшил ўсишни таъминлаш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларидаги ривожланиш йўналишлари ҳам муҳокама қилинди.
Тарафлар шу соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва самарадорликни ошириш мақсадида фикр алмашиш жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА