Шу кунларда пойтахтимизда стол тенниси бўйича 15 ва 19 ёш тоифалари ўртасидаги Осиё чемпионати мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Бугун мазкур чемпионат баҳсларини кузатиш учун юртимизга келган Халқаро стол тенниси федерацияси биринчи вице-президенти, Осиё стол тенниси иттифоқи президенти Халил Ал Моҳаннади, Осиё стол тенниси иттифоқи бош директори Насиб Ҳассан Ал Факиҳ ҳамда Осиё стол тенниси академияси директори Аҳмед Ал Моҳаннади билан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида учрашув ташкил этилди.

Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров меҳмонлар билан мулоқот давомида мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш, мамлакатимиз спортчиларининг халқаро мусобақаларда эришаётган натижалари хусусида тўхталди.

Учрашув давомида мамлакатимизда стол тенниси ривожини янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, маҳоратли мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлаш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Дўстона ўтган суҳбат жараёнида юртимизда стол тенниси бўйича халқаро турнирлар сонини ошириш, стол тенниси бўйича хорижлик малакали мураббийларни Ўзбекистон терма жамоасига ишга жалб этиш борасида таклифлар илгари сурилди.
Т.Рўзиев, ЎзА