“Тиббий буюмлар – Сифат менежменти тизимлари – Тартибга солиш мақсадлари учун талаблар” стандарти тасдиқланди
Бугунги кунда Ўзбекистонда фармацевтика ва тиббий жиҳозлар соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан аҳолига сифатли, хавфсиз маҳсулотлар етказиб бериш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Глобал бозор талабларига мос миллий стандартларни жорий этиш – мамлакат фармацевтика тармоғини барқарор ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишнинг муҳим омилидир. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 августда “Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар муомаласини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармоннинг 9-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда икки ой муддатда “ISO 13485 – Тиббий жиҳозлар учун сифат менежменти тизимлари” халқаро стандарти талабларига мослаштирилган миллий стандартни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юклатилган эди.
Натижада, 2025 йил 30 сентябрда ЎзМСт ISO 13485:2025 (ISO 13485:2016, IDT) – “Тиббий буюмлар – Сифат менежменти тизимлари – Тартибга солиш мақсадлари учун талаблар” Ўзбекистон миллий стандарти давлат рўйхатига киритилди ва 2025 йил 30 октябрдан бошлаб амалга киритилди.
Ушбу стандарт тиббий жиҳозлар хавфсизлиги ва сифати устидан назоратни кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлигини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро фармацевтика бозоридаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ЎзМСт ISO 13485:2025 (ISO 13485:2016, IDT) стандарти жаҳон талабларига мос маҳсулот ишлаб чиқиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш имконини яратади.
Шу билан бирга, тиббий жиҳозларни халқаро стандартлар асосида сертификатлаштириш орқали беморлар хавфсизлиги кафолатланади, аҳолининг ишончи ва қониқиши ортиб боради.
Ушбу фармони асосида қабул қилинган ЎзМСт ISO 13485:2025 (ISO 13485:2016, IDT) миллий стандарти – мамлакатимизда тиббий жиҳозлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорга олиб чиқиш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА