Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мазкур зиё маскани, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида 11 октябрь – Халқаро қизлар куни муносабати билан маърифий тадбир ҳамда “Мушоира этади давом” номли тўпламнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 19 декабрдаги резолюциясига асосан, 11 октябрь жаҳон миқёсида “Халқаро қизлар куни” деб эълон қилинган.
Ушбу санани БМТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамиятининг турли тузилмалари кенг нишонлаши анъанага айланган. Шу куни дунё бўйлаб қизларнинг ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари, ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ ҳолатларни кенгроқ ўрганиш тавсия этилади. Шунингдек, қизларнинг камситилиши бўйича оғриқли муаммолар тилга олинади.
Халқаро қизлар куни жамоатчилик эътиборини қизлар дуч келадиган муаммоларни ҳал қилишга қаратгани билан янада аҳамиятли.
БМТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамиятининг турли тузилмаларига ушбу кунни кенг миқёсда нишонлаш, шунингдек бутун дунёда қизларнинг ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари, ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш тавсия этилади.
Мазкур санада БМТ ўсмир қизларнинг камситилишини тугатиш, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришни рағбатлантириш учун ҳукуматлар, фуқаролик жамиятлари, давлат ва хусусий ташкилотларни бирдамликка чақириб келади. Мазкур нуфузли халқаро ташкилотнинг маълумотларига кўра, дунёда 15–19 ёш оралиғидаги ҳар тўрт нафар қиздан бири ишлаш, ўқиш ва касбий тайёргарлик имкониятига эга эмас.
Ўзбекистонда қизларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол шахслар сифатида улғайишлари учун барча шароитлар, имконият ва имтиёзларни яратиб бериш, уларнинг ҳар бир соҳадаги қизиқишларини янада рағбатлантириш, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тенгдошлари ўртасида ҳамкорлик ва ташаббускорлик муҳитини яратиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда. Хусусан, қизларнинг таълим-тарбия олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари, уларнинг ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш масалалари давлатимизнинг доимий юксак эътиборида турибди.
– Бундай эзгу ислоҳотлардан кўзланган мақсад эса эркин ва фаровон жамиятни барпо этишда юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар қиладиган, масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир қизларни тарбиялаш, – деди таниқли шоира, маънавият тарғиботчиси Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи.
Тадбирда иштирокчиларга Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган “Мушоира этади давом” номли тўплам ҳақида батафсил маълумот берилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири