
Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлигини ошириш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади.
Барқарор иқтисодий ривожланиш ҳамда фаровонликка эришиш бўйича изчил шериклик тарихида янги саҳифа очадиган мазкур келишув Лазиз Қудратов бошчилигидаги делегациянинг АҚШга ташрифи доирасида амалга оширилди.

Мамлакатимиз инновацион иқтисодиёти ўсишининг асосий омили бўлган муқобил сармояни рағбатлантириш ва ривожлантириш учун зарур ҳисобланган меъёрий-ҳуқуқий манбани фаол такомиллаштиришга қаратилган ҳужжатга кўра, IFC вазирлигимизга муқобил инвестиция соҳасига доир илғор қонунчиликни жорий этишда техник ёрдам кўрсатади. Лойиҳа инвесторлар учун янада қулай шарт-шароит яратиш, молиявий кўмак жалб қилиш имкониятини кенгайтириш ва бизнес учун янги имкониятлар очишга хизмат қилади.

Самарали учрашувда томонлар, жумладан, инвестиция ва махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тўпламини ишлаб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Айни жараённинг ишбилармонлик муҳитини яхшилашдаги аҳамияти таъкидланди.
Миллий экспертиза ва янги сармоя воситаларини самарали тартибга солиш учун зарур бўлган институционал тузилмани шакллантиришда IFC кўмаги муҳимлиги қайд этилди. Мазкур тузилма экспертларининг бўлажак ташрифи ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириши, ислоҳотларнинг амалий жиҳатини ишлаб чиқиш имконини бериши шубҳасиз.

Мулоқот давомида июнь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форуми мавзуси ҳам кўтарилди. Анжуман Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятини, мамлакат ҳудудларида истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш билан боғлиқ стратегик имкониятни намойиш этиш учун муҳим майдонга айланиши кутиляпти.

Г.Сатторова, ЎзА