Бугунги глобаллашув шароитида миллий иқтисодиёт барқарор ривожланиши, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва халқаро иқтисодий алоқаларни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шу жараёнда давлат ва хусусий сектор ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда инвестициявий жозибадорликни ошириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Миллий иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси мамлакат иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутади. Уюшма иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий иқтисодий манфаатларни илгари суришга қаратилган фаолияти билан ажралиб туради.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Миллий иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси томонидан Халқаро иқтисодий ҳамкорлик бизнес форуми бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистонда илк бор ташкил этилиб, халқаро бизнес, давлат идоралари, молия институтлари ҳамда инвестиция соҳаси вакилларини бир майдонга жамлади.
Форумнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳиятини намоён этиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, экспорт-импорт, саноат ва инфратузилма лойиҳаларида янги ташаббусларни муҳокама қилишдан иборат бўлди. Тадбирда 200 нафардан ортиқ иштирокчи, жумладан 20 дан зиёд мамлакатдан келган дипломатик корпус ва халқаро бизнес вакиллари қатнашди.

Форумнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотлари, ташқи савдо сиёсати ва инвестиция муҳити ҳақида тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, мамлакатнинг сўнгги йилларда эришган иқтисодий ютуқлари ҳамда стратегик йўналишлари юзасидан видеоматериаллар намойиш этилди.
Тадбир доирасида иккита асосий панель сессияси ташкил этилди. Биринчи сессия экспорт-импорт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига бағишланиб, унда инвестиция ва савдо соҳасидаги халқаро тажрибалар муҳокама қилинди. Иккинчи сессияда эса халқаро иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, хусусий сектор иштирокини ошириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Форум давомида иштирокчилар ўртасида B2B форматда учрашувлар ўтказилиб, келгусидаги ҳамкорлик бўйича аниқ келишувларга эришилди. Ушбу бизнес форум Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий майдондаги нуфузини янада ошириш, янги инвестициялар жалб этиш ва барқарор иқтисодий тараққиётга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Шунингдек, Форум натижасида янги экспорт шартномалари ва инвестиция келишувлари имзоланди, хорижий инвестиция лойиҳаларининг шаклланишига эришилди, чет эллик ҳамкорлар билан биргаликда кадрлар тайёрлашда замонавий ва халқаро тажрибага асосланган ёндашувларни жорий этишга келишилди.
–Тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш мамлакат иқтисодий ривожининг асосий шартларидан бири ҳисобланади, –дейди Ўзбекистон Миллий иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси бошқарув кенгаши раиси Фарруҳ Фазлиев. – Ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш, рухсатнома ва лицензиялаш жараёнларини соддалаштириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини шаффоф қилиш тадбиркорлик фаолиятининг эркин ривожланишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, имтиёзли кредитлар ва кафолатлар тақдим этиш, замонавий инфратузилма ҳамда рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш уларнинг бозорда барқарор фаолият юритишига замин яратади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА