Афғонистоннинг Панжшир вилояти аҳолиси “Толибон” аёлларга қўйилган чекловларни кучайтирганини, хусусан, бурқа кийиш мажбурий этиб белгиланганини маълум қилди. Бу ҳақда Afghanistan International хабар берди. Маълум қилинишича, ҳудудда бурқа кийилмаган тақдирда, аёлларнинг эркин юришига йўл қўйилмаяпти ва уларнинг ёнидаги одамлар ҳам ҳақорат ва зўравонликка дучор бўлмоқда.
Озарбайжон вакили 12 август куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган МДҲ ички ишлар вазирлари кенгаши йиғилишига бормади. Бу ҳақда APА агентлиги хабар берди. Маълум қилинишича, ички ишлар вазири Вилоят Эйвазов тадбирда иштирок этишдан бош тортган. Бунинг сабабига аниқлик киритилмаган. Йиғилиш Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколсев раислигида бўлиб ўтган.
Жанубий Кореянинг қамоқда сақланаётган собиқ президенти Юн Сок Ёлнинг рафиқаси Ким Гон Хи 12 август куни акциялар нархини сунъий ошириш ва пора олиш каби бир қатор айбловлар билан ҳибсга олинди. Бу ҳақда BBC хабар берди. Маълум қилинишича, Сеул судида 4 соат давом этган тингловда собиқ биринчи хоним барча айбловларни рад этган. Бироқ суд унга нисбатан далилларни йўқ қилиш хавфи мавжудлигини билдирган ҳолда қамоққа олиш ордерини чиқарган.
Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ҳайдовчи белгиланган тезликдан 27 километр соат тезроқ ҳаракатлангани учун 90 минг Швейцария франки миқдорида (тахминан 110 минг доллар) жаримага тортилди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди. Билдирилишича, ушбу сумма ҳайдовчига унча қийинчилик туғдирмайди — у мамлакатнинг энг бой одамлардан бири саналади. Ҳозирги тартибга кўра, мамлакатда даромади паст одамлар жарима ўрнига бир кеча ҳибсда қолиши мумкин, энг бой қатлам эса ўн минглаб франк тўлашга мажбур бўлади. Бошқача айтганда, жарима миқдори ҳайдовчининг даромади, мол-мулки ва оилавий молиявий аҳволидан келиб чиқиб белгиланади. Бундай тизим Германия, Франция, Австрия ва айрим Скандинавия давлатларида ҳам амал қилади.
Х ижтимоий тармоғи 11 август куни ўзининг сунъий интеллект чатботи Grok’ни қисқа муддатга ўчириб қўйди. Бунга Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари “геноцид” деб баҳолангани сабаб бўлди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/eo5m7TQ6Jr0" title="Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА