Шимолий Кореяда аёллар автомактабларга қабул қилинмоқда. Ким Чен Ин ҳокимиятга келгунига қадар уларга фақат йўл ҳаракатини тартибга солиш рухсат этилган, машина ҳайдаш эса тақиқланганди. Ҳозирда айрим автомактаблар Социалистик аёллар иттифоқи тавсияси асосида аёлларни ўқитишни бошлаган. Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш учун навбат 18 ойгача чўзилиши мумкин. Расмий баёнот берилмаган бўлса-да, бу ҳолат Ким Чен Ин давридаги эҳтиёткор ижтимоий-сиёсий очиқлик сифатида баҳоланмоқда.
Германия ва Нидерландия ҳарбийларидан иборат НАТО корпуси Эстонияга жойлаштирилиши мумкин. Эстония мудофаа вазири Ханно Певкур маълумотни тасдиқлаган, ҳарбийлар Пярну шаҳрига жойлаштирилиши кутилмоқда. Якуний қарор 2025 йил давомида қабул қилиниши керак.
Таиландда Камбоджа билан бўлган жангларни суратга олган россиялик блогер Тимур Збарский ушланди. Бу ҳақда “РБК” хабар берди. Маълум қилинишича, блогер Камбоджа билан чегарадаги жанг ҳаракатларини тасвирга олган.
Россияга ўта оғир жиноятлар учун судланган мигрантларнинг кириши умрбодга тақиқланиши мумкин. Тегишли қонун лойиҳаси “Адолатли Россия — ҳақиқат учун” фракцияси депутатлари томонидан тайёрланди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди. Лойиҳа муаллифи фракция раҳбари Сергей Миронов ҳисобланади. Қонун лойиҳаси 4 август куни Давлат Думасига кўриб чиқиш учун киритилади.
Украина Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдоғаннинг ташрифига тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Украинанинг Туркиядаги элчиси Нариман Желал маълум қилди. Маълум қилинишича, бу Эрдоғаннинг 2022 йилда уруш бошланганидан бери Киевга илк ташрифига айланади. Президент Владимир Зеленскийнинг шахсан ўзи туркиялик ҳамкасбини таклиф қилган.
Эрон ҳукумати 3 август куни мамлакатда янги Миллий мудофаа кенгаши ташкил этилганини эълон қилди. Давлат ОАВга кўра, тузилманинг вазифаси мудофаа режалари ва қуролли кучлар салоҳиятини марказлаштирилган тарзда баҳолашдан иборат бўлади. Бу ҳақда форс нашрларига таяниб, Al Arabiya хабар берди.
Маълум қилинишича, янги тузилма Эрон президенти Масъуд Пезешкиён раҳбарлигида фаолият олиб боради. Кенгаш таркибига парламент спикери, Олий суд раҳбари, қуролли кучлар қўмондонлари ҳамда тегишли вазирликлар вакиллари киради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/2A3-1CTVvhk" title="Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА