Бугун Тошкент шаҳридаги “IT Park Uzbekistan” конгресс-марказида “30 ёшлилар даври” мавзусидаги бешинчи халқаро бошқарув форумининг иккинчи кун тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Таъкидлаш керакки, халқаро форум давлат идоралари, хусусий сектор, халқаро экспертлар ҳамда ёш мутахассисларни бир майдонга жамлади.
Унда сўзга чиққанлар мамлакатимиз тараққиётида ёшлар салоҳиятини ошириш, таълим сифатини яхшилаш, рақамли кўникмаларни ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект технологияларидан иқтисодиёт ва жамият манфаатлари йўлида самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Таъкидланганидек, 2026 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинган бўлиб, бу эса маҳаллаларни иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ёшларни жамият ҳаётига кенг жалб этишга қаратилган стратегик йўналиш ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, форум ёшларнинг жамиятдаги фаол ролини мустаҳкамлаш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва масъулиятли бизнес тамойилларини илгари суриш учун муҳим мулоқот майдони вазифасини ўтади. Форумдан кўзланган асосий мақсад Янги Ўзбекистон равнақи йўлида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан очиқ ва тизимли мулоқотни йўлга қўйишдан иборат.
Тадбирда таълим ва замонавий кўникмалар ёшларнинг рақобатбардошлигини оширишда ҳал қилувчи омил экани қайд этилди. Айниқса, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги билимлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишлардан бири сифатида баҳоланди. Шу муносабат билан форумда рақамли кўникмалар, сунъий интеллект технологиялари ҳамда ахборот технологиялари хизматлари экспорти иқтисодиёт таркибини янгилаш ва унинг барқарор ўсишини таъминлашда муҳим куч экани таъкидланди.
[gallery-27381]
–Ушбу тадбирнинг асосий ғояси ёш авлодда мустақил фикрлаш, масъулиятли қарор қабул қилиш ва жамият олдидаги бурчни англаш маданиятини шакллантиришга қаратилган. Оила, маҳалла ва иш жойида шаклланадиган ижтимоий муносабатлар келажакда ёшларнинг фуқаролик позициясига бевосита таъсир кўрсатади. Шунингдек, форум замонавий корпоратив маданиятни ривожлантириш, иш берувчилар ва ёш мутахассислар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган платформа сифатида ташкил этилди, –деди Халқаро бошқарув форуми ташкилий қўмитаси раиси Тимур Ядгаров.
Эслатиб ўтамиз, “30 ёшлилар даври” мавзусидаги бешинчи Халқаро бошқарув форуми бугун ўз ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА