
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарашли республика Болалар кутубхонасида 2 апрель – Халқаро болалар китоби куни муносабати билан “Китоб - маънавий бойлигимиз” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Г.Кожабоева ва бошқалар сўзга чиқиб, иштирокчиларни умумхалқ “Наврўз” байрами ҳамда Халқаро болалар китоби куни билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари 2 апрель санасини “Халқаро болалар китоби куни” сифатида нишонлайди. Бу сананинг ҳам ўзига хос тарихи бор. 1967 йилда Халқаро болалар китоблари Кенгаши 2 апрель санасини болалар китоблари куни деб нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу сана ўз-ўзидан танланган эмас. Ҳамма гап шундаки, шу санада буюк эртакчи-ёзувчи Ҳанс Христиан Андерсен дунёга келган кун бўлиб, шу муносабат билан ҳар йили апрель ойида шу кун байрам сифатида нишонланади.
[gallery-22639]
Болаларни китоб ўқишга қизиқтириш, уларнинг китобхонлик маданиятига бўлган тафаккурини ошириш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида Республика болалар кутубхонасида “Халқаро болалар китоби куни” муносабати билан турли тадбирлар ўтказишни режалаштирган. Жумладан, ҳафталик доирасида Х.К.Андерсен эртакларидан саҳнавий композиция, “Андерсен эртакларидан блиц саволлар”, “Жаҳон адабиётига саёҳат”, “Китоблар галактикаси”, “Китоблар калейдоскопи” мавзуларида тадбирлар ўтказилади ҳамда “Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда”, “Китоб - буюк куч”, “Янги уйғониш даври - китобдан ва кутубхонадан бошланади” мавзуларида китоблар кўргазмаси, “Бир болага уч китоб”, “Бир ҳафтада бир китоб”, “Фарзандимга китоб совға қиламан” акциялари ташкил этилиб, ота-оналар ўз фарзандларига китоблар совға қилади. Шунингдек, китобхонларни тақдирлаш маросими, “Китоб янгиликлари” рукни асосида ёзувчи-шоирлар билан суҳбат, “Яшайсан юрагимда”, “Тўтиқуш” китобларининг тақдимоти ўтказилади.
Тадбирда Нукус шаҳридаги мактабларнинг ўқувчилари томонидан “Бола подшоҳ” ҳамда “Шалғам” эртакларидан саҳна кўринишлари тақдим этилди.
Байрам кечасида Нукус шаҳар Маданият бўлими ҳамда республика “Баркамол авлод” болалар мактабининг иқтидорли ўқувчилари ўз концерт дастурлари билан иштирок этди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА