Халқаро аҳамиятдаги А380 “Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу” автомобиль йўлининг 718–723-километрлар оралиғидаги қисми реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур йўл қисми Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани ҳудудидан ўтади.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 декабрдаги “2025–2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Оролбўйида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса ҳудудларда, айниқса, маҳаллаларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини янада ривожлантириш, шунингдек, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ҳамда тадбиркорлар учун қулай инвестиция муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизни Европа давлатлари билан боғлайдиган стратегик автомагистралда олиб борилган реконструкция ишлари натижасида мазкур автомобиль йўлининг техник ҳолати яхшиланиб, ҳаракат хавфсизлиги ва транспорт оқимининг узлуксизлиги таъминланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири