Мамлакатимиз пойтахтида ўтказилган Низомий Ганжавий халқаро марказининг “Ўзбекистон, Озарбайжон ва Европа: умумий тараққиёт йўлида ҳамкорлик” мавзусидаги конференцияси иштирокчилари 20 август куни Самарқанд шаҳрида бўлди.
Меҳмонлар Самарқанд билан танишувни Амир Темур мақбарасидан бошлади. Уларга Соҳибқирон ва темурийларнинг давлатчилик тарихи, бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди.
Конференция қатнашчилари Регистон майдонидаги уч улуғвор обида – Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасалари ҳамда бу ерда намойиш этилган тарихий ашёлар, миллий ҳунармандлик маҳсулотларини ҳайрат билан томоша қилдилар.
– Биз Тошкентда бўлиб ўтган юқори даражадаги анжуманда Ўзбекистон, Озарбайжон ва Европа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, бугунги кун учун муҳим бўлган глобал масалаларни муҳокама қилдик, – дейди 2010-2012 йилларда Грузия Бош вазири ўринбосари бўлган Эка Ткешелашвили. – Форум қатнашчилари бўлган таниқли сиёсатчилар, давлат арбоблари бу борадаги ўз таклиф ва мулоҳазаларимизни билдирдик. Шу билан бирга Марказий Осиё давлатлари ўртасида кейинги йилларда мустаҳкамланиб бораётган яхши қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларига юқори баҳо берилди. Бугун эса Самарқандга келиб, инсониятнинг бебаҳо бойлиги бўлган ушбу шаҳардаги тарихий-маданий ёдгорликлар билан танишиш имконияти яратилганидан жуда хурсандмиз.
[gallery-24858]
Низомий Ганжавий халқаро маркази 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, асосан турли миллат, дин ва маданият вакилларини бирлаштириб, глобал мулоқотни ривожлантиришга қаратилган, сиёсат, таълим, фан ва маданият соҳаларида илмий-амалий конференциялар, форумлар ва семинарлар уюштиради. Марказ ўз атрофида собиқ президентлар, вазирлар, БМТ, ЮНЕСКО каби халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, давлат ва жамоат арбобларини жамлаган. Бош қароргоҳи Озарбайжоннинг Боку шаҳрида жойлашган.
Марказнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда стратегик ислоҳотлар маркази билан ҳамкорликда пойтахтимизда ўтказган конференциясида глобал иқлим ўзгариши, сув ресурслари, энергетика хавфсизлиги ва барқарор қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири