Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида таниқли давлат ва жамоат арбоби Пиржан Халмуратов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб унинг ҳаёти ва хизматларига бағишланган кўргазма билан танишди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов сўзга чиқиб, турли соҳаларда узоқ йиллар фидокорона меҳнат қилган Пиржан Халмуратовнинг ҳаёт йўли ҳамда юртимиз равнақига қўшган хизматларига тўхталди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида инсон қадри ҳар нарсадан устун қўйилиб, халқ учун қилинган хизмат ҳар томонлама улуғланиб келинмоқда. Айниқса, юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ҳисса қўшган инсонларга эҳтиром кўрсатиш билан бирга, уларнинг меҳнатини юксак баҳолашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳақида гап кетганда, албатта, жамоат ва сиёсат арбоби, моҳир ташкилотчи Пиржан Халмуратовнинг номи ҳурмат билан тилга олинади.
Халқимиз унинг машаққатли меҳнат йўлини, бой ҳаётий тажрибасини, халқ фаровонлиги йўлидаги хизматларини юксак баҳолайди ва чуқур ҳурмат қилади. Шунингдек, Пиржан Халмуратов моҳир ташкилотчилик қобилияти, ҳар қандай жамоани, ҳудудни бошқариш қобилияти билан ажралиб турадиган инсон сифатида ҳам машҳур бўлди.
У меҳнат фаолияти давомида Қораўзак тумани ва Нукус шаҳри прокурори, Хўжайли туманлараро прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, Кегейли ва Хўжайли туман партия қўмиталарининг биринчи котиби лавозимларида самарали меҳнат қилди. Шунингдек, депутат сифатида ҳам самарали фаолият олиб борганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
У қайси лавозимда ишламасин, ўзининг фидойилиги, ташкилотчилик қобилияти ва юксак инсоний фазилатлари билан халқимизнинг олқишига сазовор бўлди. Унинг кўп йиллар давомидаги хизматлари муносиб баҳоланиб, бир қатор орден, медаллар билан тақдирланди.
[gallery-23014]
Кеча давомида сўзга чиққан замондошлари ва шогирдлари томонидан унинг меҳнат йўли ва хизматлари хотирланди.
Тадбир иштирокчиларига санъат усталари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.