“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” – бу сўзлар шунчаки шиор эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг давлат бошқаруви фалсафасига айланган. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган Халқ қабулхоналари тизими эса бу фалсафанинг ҳаётдаги ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Жиззах вилояти Зарбдор туманида ўтказилган навбатдаги ҳоким қабули – бу сўзлар шунчаки айтилмаётганлигини яна бир бор исботлади. Қабулда туман ҳокими Бекзод Тошпўлатов фуқароларни шахсан қабул қилди. Тадбир шунчаки, “хўжа кўрсин” га эмас – балки халқ дардини эшитиш, тушуниш ва уларнинг ечимини топиш учун ўтказилди.
Халқ қабулхоналарида тизим ўзгарди, масъулият ошди. Авваллари Халқ қабулхоналарида махсус мудир фаолият юритар, ҳокимнинг ўзи эса кўп ҳолларда тўғридан-тўғри фуқаро дардига гувоҳ бўлмас эди. Эндиликда эса бу тубдан ўзгарди. Президентимиз ташаббуси билан Халқ қабулхоналари мудирларининг ваколати тугатилди ва ҳокимлар фаолиятини айнан қабулхоналарда фуқаролар билан юзма-юз мулоқотдан бошлашлари белгиланди. Бу, айниқса, масъулият ва жавобгарликни мутлақо янги поғонага кўтарди.

Зарбдор тумани Халқ қабулхонасида ўтказилган навбатдаги қабул бунинг яққол тасдиғи бўлди. Ушбу қабулда қатнашган Юнус Азимовнинг сўзлари фақат бир фуқаронинг дарди эмас – балки юзлаб, ишсиз, ҳеч қанақа даромадсиз юрган юртдошларимизнинг юрагидаги орзу ва умидларнинг ифодаси бўлса, ажаб эмас.
– Тўғриси, ҳокимдан бундай таклифни кутмаган эдим. Имтиёзли кредит эвазига иссиқхона қуриш ва унга экилган экиннинг ҳосилини олганимдан сўнггина кредитни тўлаш, бу мен учун янгилик бўлди. Албатта, бундан жуда хурсанд бўлдим. Ушбу қабулдан мен нафақат муаммомга ижобат, балки эртанги кунимга ишонч ҳам олдим. 30 дан ортиқ мурожаатчилардан яна бири Наргиза опа Турсунбоева. У туман марказидаги давлат мактабгача таълим ташкилотида ишлайди. Боқувчисидан айрилган аёл. Болалари кичик, даромад етишмаслиги, уй-рўзғордаги оғирликлар, коммунал тўловлар исканжасида яшаб келаётган эди.
– Баъзан инсон бир муаммони айтишга ҳам уялади, эшитадиган одам топилса, ўзи катта енгиллик. Шу сайёр қабулда менга қулоқ тутишди, муаммомни эшитишди. Соғин сигир олиш ниятим борлигини айтганимда, саховатли инсонлардан бири пулини тўлаб берди. Буни ҳамма ҳам қилолмайди. Мен эса шукр қилдим: халқ дардини эшитадиган ҳукумат вакиллари, юртимизда саховат соҳиблари кўп экан. Сайёр қабул масъулиятини ошириб, халқни рози қилаётган Президентимиздан миннатдорман.. У киши туфайли бундай имкониятлар пайдо бўляпти, – дейди кўзларидаги қувонч ва ризолик ёшларини яшира олмай Наргиза опа.

Бўстон маҳалласида яшовчи Оқила момо Нурматова ҳам қабулда иштирок этди. Қизининг ҳаётдаги оғир ҳолати, 4 оила бир уйда яшаши уни ташвишга солаётганини айтди:
– Қизимнинг турмуши бузилиб, икки фарзанди билан мана бир неча йилдирки, биз билан яшаб келяпти. Бундан ташқари, уйда яна уч оила бор. Эртага чолу кампир бу дунёдан ўтсак, қизим болалари билан қаерга боради, деб кўнглим тинч эмасди. Шу дард билан Халқ қабулхонасига келган эдим. Ҳокимнинг ўзи менинг мурожаатимни эшитди. Ҳокимимиздан кимларга ёрдам кўрсатишни сўраб, мурожаат қилган саховатпеша юртдошларимиз ҳам бор эканини эшитиб, худога беҳисоб шукурлар айтдим. Ана шу саховатли ҳомийлар цемент, шифер, шағал билан ёрдам беришни мақсад қилибди. Қизимнинг ака-укалари ҳашар қилиб, уйни кўтариш учун керакли ғиштини қуйиб берди. Энди фарзандларим: “Шу ёзда уйни кўтариб, устини ёпиб олсак, қолганини ўзимиз битказамиз” дейишяпти.

Халқ қабулхонасидаги бугунги манзара – халққа қулоқ тутиш, фуқароларнинг дардини эшитиш, жавобгарликни ҳис этиш намунаси бўлди. Халқ қабулхоналарида кўрилаётган ҳар бир мурожаат – муаммоларнинг ечилиши халқнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Бу каби юзма-юз учрашувлар жамиятдаги адолат, самимият ва муҳаббат туйғуларини қайта жонлантиради.
Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ҳокимлар “чиройли ҳисоботлар”дан воз кечиб, халқнинг орасига киришни ўзларининг чинакам бурчи деб билмоқда. Бу йўлда ҳар бир қабул, ҳар бир мулоқот, ҳар бир қулоқ солинган дард улкан натижа беряпти.
Зарбдор туманининг Халқ қабулхонасида ўтган ҳоким қабули эса шунга ёрқин мисол бўлди. Халқ дардига қулоқ солиш – бу шунчаки услубий ўзгариш эмас, балки янги сиёсий маданият, халқпарвар бошқарувнинг юзага келишидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири