Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ банки ташаббуси: очиқлик сари қадам

Ҳар йили 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан мамлакатимизда турли соҳага оид муҳим ташаббуслар амалга оширилади. Жорий йилда ҳам Халқ банки ушбу сана муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” тадбирини ташкил этди. Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари ҳамда бошқа идора мутахассислари иштирок этди.

Мазкур учрашув нафақат коррупцияга қарши курашиш бўйича амалий чораларни муҳокама қилиш, балки банк тизимида очиқлик ва шаффофликни кучайтириш, фуқаролар учун хизматлар сифатини ошириш каби долзарб мавзуларни ёритишга хизмат қилди. Дунёнинг исталган давлатида молиявий барқарорликни таъминлашнинг асосий шарти коррупциявий омилларни бартараф этишдир.

Халқ банкининг “Очиқ эшиклар куни” доирасида ўтказилган тадбирида коррупция элементларини келтириб чиқарувчи омиллар, уларни аниқлаш механизмлари ва олдини олиш бўйича қатъий чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Бу каби тадбирлар нафақат ходимлар, балки мижозлар, жамоатчилик ва давлат идоралари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Халқаро коррупцияга қарши кураш кунига бағишлаб ўтказилган тадбирлар бугунги кунда Ўзбекистон молия секторида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир молия ташкилоти олдидаги энг жиддий стратегик вазифа бўлиб қолмоқда. Бу борада хизматларни тўлиқ электронлаштириш, шаффофликни ошириш ва инсон омилини камайтириш энг муҳим кафолатлардан биридир. 

Халқ банки томонидан амалга оширилаётган ташаббуслар нафақат банк тизимининг ишончлилиги, балки жамиятнинг коррупцияга нисбатан муросасиз позициясини шакллантиришда ҳам катта аҳамият касб этади.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/VWB1MbGIS4c?si=tVpm0t0-Ap9PBESg" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Дилдора ДЎСМАТОВА,

Нишонбой Абдувоитов (видео)

ЎзА