Халқимизда меҳнат қилсанг, роҳат топасан, деган мақол бор. Албатта, инсоният яралибдики, меҳнат билангина қадр топиб келмоқда. Ота-боболаримиз азал-азалдан ҳалолликни илгари суришган. Шунинг учун ҳам ўзбек миллати дунёга мардлиги, ҳақиқатпарварлиги билан танилган. Бироқ, минг афсуски, бугунги кунда осонгина ўз мақсадига эришишга интилаётганлар кўпаймоқда.
Айниқса, ёрдамга муҳтож бўлган кишиларнинг заифлигидан фойдаланиб, ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларни хайрия қилишга жалб қилган ҳолда йиғилган маблағларни ўзлаштириб олаётганлар ҳам учраётгани ачинарли. Ваҳоланки, бу бизнинг миллий қадриятларимизга мутлақо зид иллат. Яхшиямки, бундай ҳолларнинг олдини олиш мақсадида қонунчилигимизда самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Баъзи қадриятлар борки, уларга қонун аралашуви лозим эмас. Бу инсонийлик, маънавий поклик ҳамда қадр-қиммат масаласидир. Шунга қарамай, адолатли жамият барпо этиш йўлида ҳар қандай вазиятга қарши чоралар бўлгани афзал. Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадри тамойили асосида сиёсат олиб борилмоқда. Негаки, юқорида таъкидлаган иллатларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳар бир қатламига тенг ва ишончли имкониятлар яратиш жамият ривожи учун муҳим аҳамият касб этади.
Қайд этиш жоизки, тарбиянинг асосий маскани шубҳасиз оила. Шундай экан, фарзанд тарбиясида ҳалоллик, ҳурмат ва одоб-ахлоқ масалаларига жиддий эътибор бериш талаб этилади. Зеро, ҳалолликда ҳикмат кўп.
Шербек Исломов,
ЎзА