Филиппинда 114 кишининг ҳаётига зомин бўлган кучли “Калмаэги” тўфони энди Вьетнам томон ҳаракатланмоқда. Об-ҳаво мутахассислари шамол тезлиги ошаётгани, денгизда 8 метргача тўлқин кўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ҳукумат соҳил бўйи аҳолисини кўчира бошлади, 6 шаҳарда аэропорт ёпилди, 50 дан зиёд парвоз бекор қилинди. Бош вазир ўринбосари Тран Хонг Ха бўронни “ғайри оддий ва хавфли” деб атади.
Аввалроқ Филиппин Президенти Фердинанд Маркос мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилган, 400 000 дан ортиқ фуқаро уйини тарк этишга мажбур бўлганди. Кўпчилик сув тошқини оқибатида ҳалок бўлган, юзлаб одам бедарак йўқолган.
Маҳаллий расмийлар офатни “мисли кўрилмаган фалокат” деб атади. Айрим шаҳарларда бутун маҳаллалар лой остида қолган, жуда кўп одам сув босган уйи ёнида ёрдам кутяпти.
Бўрон ҳозир Вьетнам соҳилига яқинлашмоқда, Таиландда ҳам фавқулодда огоҳлантириш берилган. Мутахассислар тахминига кўра, “Калмаэги” кейинги кунларда Жануби-шарқий Осиёда янги фалокатлар келтириб чиқариши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА