Жорий йилнинг 19-28 январь кунлари Берлин шаҳридаги “Grüne Woche” халқаро ярмаркасида Ўзбекистон миллий маҳсулотлари намойиш этилди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган ушбу халқаро тадбирга мамлакатимизнинг 50 дан ортиқ етакчи корхона вакиллари иштирок этди. Улар томонидан ярмаркада ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, консерваланган маҳсулотлар, турли мева шарбатлари ва нектарлардан иборат салқин ичимликлар, қуритилган мева, зиравор ва сабзавотлар ҳамда қандолат маҳсулотлари ва бошқа 192 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти тақдим этилди. Шунингдек, улар учун “B2B” учрашувлари уюштирилди.
Таъкидлаш керакки, “Яшил ҳафталик” Германиядаги анъанавий ярмаркалардан биридир. 1926 йилда Берлинда асос солинган ушбу озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилик соҳасида етакчи халқаро савдо ярмаркаси бу гал 88-маротаба ўтказилди. Унда дунёнинг 60 мамлакатидан 1400дан ортиқ компания ва фермер хўжаликлари иштирок этди.
Ярмаркада Польшанинг “Icon Group Sp.z.o.o.” компанияси президенти Пиотр Карпинский икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ҳақида ўз фикрини билдирди.
[gallery-15686]
–Биз Ўзбекистондан Польшага қуруқ мевалар, пиёз, картошка каби сабзавотлар импорти билан шуғулланамиз. “Яшил ҳафталик” ярмаркасида барча тадбиркорлар бир жойда учрашганимиздан жуда мамнунман. Биз ўзбекистонлик ҳамкорлар билан импорт миқдорини ошириш, маҳсулот нархи, қадоқлаш ва уларни етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бордик. Бу эса навбатдаги ҳамкорликка қўйилган муҳим қадамдир, – деди у.
Ярмарка доирасида қатор тадбирлар ҳам ўтказилди. Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги глобал форуми улардан биридир. Унда 70 дан ортиқ давлатнинг қишлоқ хўжалик вазирлари учрашди. Аҳамиятлиси, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация мазкур форум ва ҳафталик очилиш маросими ҳамда XVI қишлоқ хўжалиги вазирлари конференцияси тадбирларида иштирок этди.
–Ўзбекистон каби ранг-баранг маданиятга, турли хил таомларга бой мамлакатларни жуда ёқтираман, – деди ярмарка меҳмони Отто Шмидт. – Ўзбекистон ва Тожикистон, қолаверса, Марказий Осиё давлатларини Берлин халқаро ярмаркасида иштирок этиши бу катта ютуқ. Ушбу мамлакатларнинг Европа бозоридаги истиқболи жуда юқори. Улар кейинги 20-30 йилликда Берлин ярмаркасида ўзининг доимий мустаҳкам ўрнини таъминлаши мумкин. Шу сабабли ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириб, Европа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозоридаги имкониятлардан фойдаланиш лозим.
Ярмарка доирасида қатор учрашувлар ўтказилди ва тегишли келишувларга эришилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА