Сайловда иштирок этиш, давлат ҳаётида ҳар бир фуқаронинг ўз ўрнига эга эканини кўрсатади. Бухоролик ёшлар сайловда фаол қатнашмоқда. Вилоятда биринчи маротаба овоз берадиган ёшлар 200 минг нафарни ташкил этади.
– Мен бугун илк марта овоз бериш ҳуқуқимдан фойдаландим, Бухоро шаҳридаги 1-сонли сайлов участкасига келдим, – дейди Шоҳрузжон Аҳмаджонов. – Фуқаролик бурчимни бажариб, юртимизда кечаётган сиёсий жараёнларда менинг ҳам ўрним, овозим борлигидан мамнунман.
Шунингдек, Бухоро шаҳридаги Маҳмуд Торобий маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳумоюн Сайфуллаев бу йил сайловда илк маротаба иштирок этмоқда. Эрта тонгда Бухоро шаҳридаги 26-сайлов участкасида ҳозир бўлган йигитнинг ҳаяжони чексиз.
– Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти 1-курсида таҳсил оламан, – дейди Ҳумоюн. – Ҳаётимдаги илк муҳим сиёсий жараённи ўтказиб юборишни истамадим ҳамда сайловда овоз бериш учун Самарқанддан келдим. Сайловда овоз бериш билан бирга давлатимизни янада юксалтиришга ва фаровонлигини оширишга ўз овозим билан Ўзбекистоннинг келажагини белгилашга ҳисса қўшмоқдаман.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.