Нукусда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида таълим муассасалари ходимлари ўртасида “Соғлом танда – сифатли таълим” шиори остида “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги” спорт мусобақаларнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28-январдаги фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”нинг 67-мақсадида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиганлар сонини ошириш, таълим муассасалари ходимларини спорт тадбирларига кенг жалб қилиш, улар ўртасида мусобақалар ташкил қилиш, спорт инфратузилмасини яхшилаш ва зарур спорт инвентарлари билан жиҳозлаш, ходимларнинг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш, таълим муассасаларидаги спорт секциялари ва тўгараклари фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, ўқитувчиларнинг бўш вақтларида спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш белгиланган.
Шу мақсадда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан тасдиқланган қўшма қарор асосида “Соғлом танда – сифатли таълим” шиори остида “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги” спорт мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи Нукус шаҳридаги 1- ва 2-сонли спорт мактабларида, Қорақалпоқ давлат университети, Нукус давлат педагогика институти ҳамда Ёшлар марказида бўлиб ўтди.
Иштирокчилар спортнинг мини футбол, шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол турлари бўйича ўзаро куч синашди. Мазкур мусобақанинг қуйи босқичларида таълим муассасаларининг ходимлари иштирок этди.
[gallery-23260]
Муросасиз ўтган спорт мусобақаларида ғолиб жамоалар аниқланди. Жумладан, стол тенниси бўйича аёллар ўртасида Тахиатош туманидан Юлдуз Худайбергенова, эркаклар ўртасида Элликқалъа туманидан Ихтияр Курбанов, шахмат бўйича аёллар ўртасида Чимбой туманидан Гулсаўир Бекмуратова, эркаклар ўртасида Кегейли туманидан Аббаз Сапарбаев, шашка бўйича аёллар ўртасида Қўнғирот туманидан Дилфуза Уразбаева, эркаклар ўртасида Тўрткўл туманидан Хушнуд Озод ўғли, волейбол бўйича аёллар ўртасида Тахтакўпир тумани, эркаклар ўртасида Нукус шаҳри жамоалари ғолиб деб топилди. Шу билан бирга, мини футбол бўйича Нукус шаҳри жамоаси ғолиб деб топилди. “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги” спорт мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида жамоавий ҳисобда Нукус шаҳри жамоаси биринчи ўринни эгаллади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/UwVGCE6ZmU4" title="G‘olib jamoaga kubok topshirildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғолиб жамоага Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги ҳамда 30 миллион сўм пул мукофоти топширилди. Шунингдек, ғолиблар ҳамда турли номинация эгалари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан диплом ва совғалар билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА.