“Global Textile Days” лойиҳаси тадбиркорларни рақобатбардошликка чорлайди
Жорий йилнинг 9-11 сентябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Global Textile Days” лойиҳаси доирасида йирик саноат тадбирлари бўлиб ўтади.
Ушбу ҳафталик лойиҳа доирасида икки муҳим кўргазма –“Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2025” 16-Марказий Осиё халқаро кўргазмаси ҳамда “Тўқимачилик ва тикувчилик саноати - TextileExpo Uzbekistan 2025” 25-юбилей халқаро кўргазмаси ташкил этилади.
Тадбирлар доирасида воқеаларга бой бизнес дастури ҳам амалга оширилади. UFI мустақил аудити маълумотларига кўра, CAITME кўргазмаси МДҲ давлатларидаги шунга ўхшаш тадбирлар орасида энг йириги ҳисобланади ва кўлами бўйича Евроосиё қитъасида иккинчи ўринда туради.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси бош директори ўринбосари Ойимхон Бобожонова қайд этганидек, мазкур кўргазма тўқимачилик ва тикишчилик, машинасозлик соҳасидаги жаҳон ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотларини намойиш этиш учун кенг платформа ҳисобланади.
–Бу йилги “Global Textile Days” лойиҳаси нафақат тўқимачилик ва тикишчилик саноатидаги сўнгги ишланмаларни намойиш этиш, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга ҳам қаратилгани билан аҳамиятли. Қатнашчилар учун яратилган “Байерлар дастури” хорижий харидорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имконини бермоқда. Биз учун энг асосий мақсад Ўзбекистоннинг тўқимачилик салоҳиятини жаҳон бозорига кенгроқ тарзда танитиш ва экспорт ҳажмини оширишдир, – деди О.Бобожонова.
Муҳими, “Global Textile Days” тўқимачилик ва кийим-кечак маҳсулотлари соҳасидаги сўнгги трендлар ва инновациялар билан танишиш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва бозорда рақобатбардошликни ошириш учун ноёб имкониятларни тақдим этади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА