Шарҳ
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи, унда илгари сурилган ташаббуслар кенг жамоатчилик ва халқаро доиралар вакиллари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Мазкур тарихий нутқнинг моҳияти, унда илгари сурилган ташаббусларнинг минтақа ва глобал миқёсдаги аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг бир гуруҳ ходимлари ўз муносабати ва мулоҳазаларини билдирди.

Гулбаҳор Саидова, Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими:
— Президентимизнинг БМТ минбаридаги нутқида илгари сурилган ташаббуслар минтақавий ва глобал муаммоларга ечимлар тақдим этиши билан алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш борасидаги таклиф бугунги геосиёсий воқеликнинг талабидир. Чунки дунё тубдан ўзгарди, аммо халқаро институтлар ҳали ҳам 1945 йил тузилмасида қолмоқда. Ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, халқаро институтларнинг самарадорлигини ошириш замон талабига айланган бир пайтда Ўзбекистон ушбу жараённинг фаол иштирокчиси сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаши муҳим аҳамият касб этади.
Табиийки, халқаро тизимни ислоҳ қилиш минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан бошланади. Шу боис, Президентимиз Марказий Осиёдаги ўзгаришларга алоҳида тўхталди. Сўнгги 8 йилда минтақамизда рўй берган тарихий ўзгаришлар – ёпиқ чегараларнинг очилиши, савдо ҳажмининг беш баробар ошиши, қўшма инвестиция жамғармалари ва саноат зоналарининг ташкил этилиши «Янги Марказий Осиё» концепциясининг амалий натижасидир.
Бош Ассамблеянинг минтақавий интеграцияни қўллаб-қувватлашга доир резолюцияси қабул қилинса, минтақамиз глобал иқтисодиётга янада чуқур интеграциялашади ва бу барча қўшни давлатлар манфаатига мос келади.
Минтақавий барқарорлик эса Афғонистон масаласини ҳал этмасдан туриб тўлиқ бўлмайди. Президентимизнинг бу давлатни яккалаб қўймаслик, унда катта инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш чақириғи стратегик аҳамиятга эга. Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши терроризм ва наркотрафикка қарши курашда энг самарали восита бўлади.
Афғонистон орқали транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТ резолюциясини қабул қилиш таклифи эса бу мамлакатни минтақавий иқтисодий тизимга қайта интеграциялашнинг амалий механизмини яратади. Бу нафақат афғон халқи, балки бутун минтақа фаровонлигига хизмат қилади.
Хавфсизлик масаласида сўз кетганда, терроризмга қарши курашишдаги ташаббусларимиз алоҳида эътиборга лойиқ. Реабилитация ва қайта интеграция бўйича Минтақавий Кенгашни Халқаро компетенциялар марказига айлантириш таклифи жаҳон тажрибасида мисли кўрилмаган лойиҳадир. Бу марказ орқали муаммоли ҳудудлардан қайтарилган минглаб шахсларни жамиятга мослаштириш тажрибаси бутун дунёга тарқалади. БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш эса минтақамизни глобал антитеррор курашининг муҳим марказига айлантиради.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг БМТ минбаридаги тарихий нутқи Ўзбекистоннинг глобал масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёрлигини, халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида дунё тараққиётига ҳисса қўшиш хоҳиш-иродасини яққол намоён этди.
Амрулло Тўхлибоев, Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи:
— Президентимиз нутқини ўзаро боғлиқ уч йўналишга бўлиш мумкин бўлган кенг қамровли ташқи сиёсий баёнот ёки чақириқ бўлди, дейиш мумкин: ички янгиланиш, минтақавий интеграция ва глобал масъулият.
Нима учун ички янгиланиш? Президент ўз нутқида Ўзбекистонни барча соҳаларда “қайтмас ислоҳотлар”ни муваффақиятли амалга ошираётгани ва “Янги Ўзбекистон”га айланганини аниқ кўрсатиб берди. Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, 2017 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти аҳоли жон бошига 939,5 дан 2024 йилга келиб 3 092,7 АҚШ долларигача кўтарилди. Экспорт эса илк бор 27 миллиард долларга чиқди.
Таъкидланганидек, ушбу ютуқлар таълим ва илм-фан соҳасидаги ислоҳотлар, инновацион ва технологик корхоналарни ривожлантириш, яшил энергия ва транспорт инфратузилмасига сармоя киритиш, шунингдек, кичик бизнесни фаол қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган кўп векторли стратегиянинг натижасидир.
“Янги Ўзбекистон” ютуқларининг асоси инсонга йўналтирилган ривожланишга эътибор қаратилаётганидадир. Буни Президент нутқидаги қуйидаги сўзларда ҳам кўришимиз мумкин: “Устувор мақсадимиз – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини оширишдир”.
Нутқнинг яна бир энг кучли нуқтаси “ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган низо ва можаролар даври ўтмишда қолгани” ҳақидаги баёнот бўлди.
Тарихдаги яккаланиш, рақобатга асосланган сиёсатдан яхши қўшничилик муносабатлари ва амалий ҳамкорлик сиёсатига ўтиш Мирзиёев маъмуриятининг илк кунлариданоқ бошланган ва у бугунги кунда ўз натижасини бермоқда. Президент нутқида Марказий Осиё халқаро муносабатлар тизимида янада жипслашган ва муҳими “мустақил ўйинчи”га айланаётган минтақа – “Янги Марказий Осиё” шаклланишининг бошланғич босқичида экани таъкидланди.
Президент сўзларига кўра, “Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари”ни ушбу янги интеграция даврининг асосий институционал механизми сифатида кўриш мумкин. Мисол учун, 2024 йил 9 август куни Остонада бўлиб ўтган учрашувда Марказий Осиё давлатлари Президентлари “Марказий Осиё – 2040” концепциясини имзолаши минтақа сиёсий ҳаётидаги асосий лаҳза бўлди. Ушбу учрашувларнинг институционаллашуви ва "Марказий Осиё – 2040" каби узоқ муддатли ҳужжатларнинг имзоланиши бир марталик ҳамкорликдан тизимли ва расмийлаштирилган интеграция жараёнига ўтишдан далолат беради. Бу ички ва ташқи ҳамкорлар учун ўткинчи тенденция эмас, балки узоқ муддатли ва жиддий ташаббус эканлиги ҳақида муҳим сигналдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган қатор глобал ташаббуслар шунчаки таклифлар эмас, балки келажакка қаратилган аниқ дастур ва Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликка очиқлиги намунаси бўлди. Бу ташаббуслар ортида мамлакатимизнинг нафақат минтақавий тинчлик, балки глобал муаммоларга ҳам бефарқ эмаслиги ётади.
Хулоса шуки, Ўзбекистон эндиликда нафақат Марказий Осиёдаги, балки глобал муаммоларни ҳал этишга ҳисса қўша оладиган, ўз овози ва ечимига эга бўлган масъулиятли давлат сифатида майдонга чиқмоқда.
Бахтиёр Тошпўлатов, Парламент тадқиқотлари институти ходими:
— Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар тинчлик, барқарор ривожланиш ва ҳамжиҳатлик йўлида амалий дастур сифатида қабул қилинди.
Президентимиз нутқининг асосий йўналишларидан бири инсон қадрини юксалтириш ва халқ фаровонлигини таъминлашдир. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6 фоизгача қисқарди. Мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизга ошди. Миллионлаб иш ўринлари яратилди, иқтисодиётга катта инвестициялар кириб келди. Бу натижалар “ҳеч ким четда қолмайдиган жамият” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.
Ўзбекистоннинг ташаббуслари туфайли Марказий Осиё охирги йилларда зиддиятлар майдонидан ҳамжиҳатлик ва дўстлик маконига айланди. Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик беш баробарга ўсди. Президентимиз бу жараёнларни БМТ минбаридан туриб дунё учун намуна сифатида кўрсатди.
Президентимиз томонидан билдирилган ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. БМТ Бош котиби, шунингдек, АҚШ, Туркия, Франция, Жанубий Корея, Жанубий Африка каби давлатлар раҳбарлари Ўзбекистоннинг сиёсий иродасини юқори баҳоладилар.
Бу эса Ўзбекистон овозига, унинг ташаббусларига дунё қулоқ тутаётганидан далолатдир. Янги Ўзбекистон халқаро майдонда ишончли ҳамкор сифатида нуфузини мустаҳкамламоқда.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА