Хоразмда “Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбирининг иккинчи босқичи доирасида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан олиб борилган профилактика ишлари ўз самарасини бермоқда.
Тадбир давомида фош этилган гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ бир қатор жиноятлар юзасидан олиб борилган дастлабки тезкор суриштирувлар жараёнида Хоразм вилояти ҳудудига гиёҳвандлик воситалари асосан Самарқанд туманининг Ургут туманида яшовчи бир гуруҳ шахслар томонидан етказиб берилаётганлиги аниқланди.
[gallery-24580]
Шундан кейин вилоят ИИБ ва ДХХ вилоят бошқармаси томонидан ўзаро ҳамкорликда тузилган тезкор тадбир асосида Хоразм вилояти ИИБ тезкор ходимларидан бир гуруҳи Самарқанд вилоятига юборилди. Ушбу ходимлар Ургут туманида истиқомат қилиб келаётган гиёҳфурушлар билан мулоқотга киришишга эришган. Улардан назорат тартибида йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини сотиб олиш режаси ишлаб чиқилди.
Мазкур режага асосан, жорий йилнинг 25 июль куни Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида тезкор тадбир ўтказилди. Унда Ургут туманида яшовчи, 1961 йилда ва 1965 йилда туғилган икки нафар шахс олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб жуда кўп миқдордаги яъни 2 килограмм 50 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасини назорат остида юборилган харидорга 20 минг АҚШ долларига қонунга хилоф равишда сотаётган пайтда тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Гумонланувчилар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/bFAX2MQGRF8?si=UqjVn5i9Hqo-aywF" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (Сурат, видео),
ЎзА мухбирлари