
Бугун Тошкентдаги Геология фанлари университети ҳузуридаги “Геология музейи” давлат муассасасига пресс-тур ташкил қилинди. Унда Тоғ-кон ва геология вазирлиги масъуллари, Геология фанлари университети профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Пресс-тур давомида музейнинг янги биноси, у ердаги экспонатлар, музей тарихи, таълимдаги ва илмий фаолиятдаги аҳамияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Музей директори Аҳмаджон Аҳмадшаев бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни маълум қилди:
– Маълумки, музейлар маънавият, маърифат ва маданият маркази сифатида алоҳида ўринга эга. Айниқса, халқимизнинг қадим тарихини ўзида мужассам этган музейлар – ўтмиш кўзгуси сифатида ҳар доим ўзига чорлайди.
Таъкидлаш керакки, мазкур музей тарихи 1926 йилдан бошланади. Дастлаб у бир хонани эгаллаган бўлиб, вақт ўтиши билан экспонатлар сони ва хоналар сони ошиб борган. Геологлар томонидан иш жараёнида тўпланган ноёб топилмалар, тоғ жинслари, минераллар музей тўпламларининг асосини ташкил этган. 1976 йилда Ҳадра майдонида музей учун янги бино қурилиши режалаштирилиб, 1987 йилда қуриб битказилган.
[gallery-22646]
1988 йилдан эса музей “Илмий ишлаб чиқариш ва ўқув маркази” сифатида фаолият юритган. Унда геологик изланишлар олиб бориш, геологияга оид мутахассисликлар бўйича таълим олаётган талабалар ва ўқувчилар учун машғулотлар ва экскурсиялар ташкил этилган. Музей фаолияти давомида турли хорижий компаниялар, чет эллик олимлар ва делегациялар учун ҳам танишувлар уюштирилган. Бу орқали геология соҳаси ютуқлари ва билимлар оммалаштириб борилган.
Шу тариқа, бугунги кунда музейда мактаб ўқувчилари ва талабаларга Ер шари, қуёш системаси, вулқонлар, зилзилалар, палеонтология, экология ва табиий бойликлар ҳақида қизиқарли маълумотлар беришга қаратилган экскурсиялар ўтказиб келинмоқда. Ёш авлодни геология соҳасига қизиқтириш мақсадида “Ёш геолог” олимпиадалари ҳам анъанага айланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳанинг янада ривожланишига пойдевор бўлди. Жумладан, ушбу қарорга мувофиқ, халқаро талабларга жавоб берадиган, замонавий технологиялар асосида жиҳозланган янги музей биноси фойдаланишга топширилди.
Мазкур янги бинода бугунги замонавий талабларга жавоб берадиган барча шарт-шароитлар яратилган. Экспозициялар янги концепция асосида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда музей хазинасида 50 000 га яқин экспонат сақланмоқда. Улар орасида минераллар, тоғ жинслари, ноёб шлифлар ва бошқа топилмалар мавжуд. Кўргазма заллари бинонинг 3 қаватида жойлашган. Музейда экспонат ва коллекцияларни сақлаш ҳамда ўрганиш замонавий талаблар даражасида йўлга қўйилган. Бу ерда илмий изланишлар олиб бораётган геологлар, талабалар ва мактаб ўқувчилари зарур маълумотларни олишлари мумкин.
Шунингдек, Геология музейи қатор нуфузли халқаро муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. 2020 йилда ушбу тарихий масканимизга “Олий тоифали” музей мақоми берилди.
Қисқаси, музей нафақат илмий ва маърифий марказ, балки жамоатчиликни табиий ресурслар ҳақида хабардор қилиш, геология соҳасига қизиқиш уйғотишда ҳам муҳим ҳисобланади. Турли давлатлардан келган иқтисодчилар, сармоядорлар ва сиёсий арбоблар бу ердаги экспозициялар орқали мамлакатимизнинг бой табиий ресурслари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмоқда.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.