Бухоро вилояти Жондор тумани “Навгади” маҳалла фуқаролар йиғинида 5680 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улардан 95 нафарини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади. Маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходим Муҳаббат Хаитова томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва манзилли ёрдам кўрсатиш ишлари тизимли йўлга қўйилган.
Маҳалла ҳудудида “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида 3 нафар фуқаро фаол ҳаётга жалб этилган. Шунингдек, “Ижтимоий ҳимоя реестри”га 31 нафар, “Камбағал оилалар реестри”га эса 38 нафар фуқаро киритилган. Туман бўйича ногиронлиги бўлган 20 нафар шахсга протез-ортопедия маҳсулотлари (ПОМ) ва реабилитация техник воситалари (РТВ) етказиб берилган.
Шундай эътибор ва ғамхўрлик Муаззам Арзиевага ҳам кўрсатилди. У ёшлигида шифокорлик касбида фидокорона меҳнат қилган. Ҳозирда 80 ёшни қаршилаган онахонда соғлиғи ёмонлашиб, ногиронлик ҳолати юзага келган.

Муаззам опанинг қизи Санобар Дўстова ҳам соғлиғи сабабли ишлай олмайди. Ушбу оила “Камбағал оилалар реестри”га киритилган бўлиб, уларга бола нафақаси тайинланган. Санобар опанинг фарзанди учун эса бепул тўгарак ташкил этилган.
“Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида Санобар опа онаси Муаззам онахонга қаровчи сифатида бириктирилиб, унга ойлик маош тайинланди. Бу эса оиланинг моддий аҳволини яхшилаш билан бирга, меҳр ва эътибор муҳитини янада мустаҳкамлади. Бундан ташқари, унга ногиронлик аравачаси топширилган, компенсация тўлови расмийлаштирилган ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан моддий ёрдам ажратилган.
Ижтимоий ходимларнинг бундай манзилли ёндашуви натижасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун яратилаётган имкониятлар уларнинг ҳаётида ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.