Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги Марказий маданият ва истироҳат боғида 30 июнь — “Ёшлар куни” муносабати билан ёшлар учун байрамона руҳда гала-концерт тадбири ташкил этилди. “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган ушбу тадбир ёшларнинг иқтидори, бирдамлиги ва ғайратини намоён этган муҳим маънавий-маърифий майдонга айланди.
Тадбирни шаҳар ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Фарруҳ Алимов очиб берди. У ўз нутқида байрам билан иштирокчиларни самимий муборакбод этиб, ёшларга яратилаётган имкониятлар ва давлатимиз томонидан ёшлар масаласига қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбир доирасида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан амалга оширилаётган “Мутолаа”, “Ибрат фарзандлари”, “UzChess” каби мегалойиҳаларнинг мазмун-моҳияти атрофлича ёритилди. Лойиҳаларни кенг тарғиб этиш мақсадида махсус тақдимотлар ташкил этилди. Бу ташаббуслар ёшларни билим олиш, китобхонлик, интеллектуал ривожланиш ва маънавий камолга етаклашда муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.
Шу муносабат билан ташкил этилган гала-концерт ва тақдимотлар ёшлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

– “Ибрат фарзандлари” ва “Мутолаа” лойиҳалари мен учун жуда қизиқарли бўлди, – дейди коллеж ўқувчиси Нилуфар Эргашева. – Айниқса, китоб ўқишга бўлган қизиқишим янада ортди. Гала-концерт эса байрамга айланди — дўстларимиз билан чинакам ижобий кайфиятда иштирок этдик.
– Бугунги тадбир орқали ёшларга бўлган эътиборни яна бир бор ҳис қилдик. Лойиҳалар, чиқишлар ва концерт дастури барчамизга ўзгача кайфият бағишлади. Келгусида ҳам ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишни ният қилдим, – деди тадбир иштирокчиси Ислом Иброҳимов.

Гала-концертда республика ва вилоятдан келган машҳур санъаткорлар ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этишди. Уларнинг ижроси томошабинларда катта таассурот қолдирди.
– Бу каби тадбирлар ёшларни жипслаштиради, фаолликка ундайди. Энг муҳими, биз ёлғиз эмаслигимизни, ёнимизда давлат ва жамият борлигини ҳис қиламиз. Тадбир ҳар бир ёш учун рағбат манбаи бўлди, – деди волонтёр Беҳруз Абдуллаев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири