Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида ҳарбий хизматчилар ўртасида тиббий маданиятни ошириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида “Табобатнинг инсон саломатлигида тутган ўрни” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, иммунитетни мустаҳкамлаш ва турли касалликларнинг олдини олишда тиббий гигиена муҳим восита экани таъкидланди. Соғлом инсон мустаҳкам жамият пойдевори экани, ҳарбий хизматчининг саломатлиги эса нафақат унинг шахсий ҳаёти, балки хизмат бурчини юксак даражада адо этишида ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этиши қайд этилди.

Шунингдек, халқ табобатининг асрлар давомида шаклланган бой тажрибаси, ўсимликлардан тайёрланадиган шифобахш дамламалар, табиий ёғлар ва соғлом овқатланиш усулларининг фойдаси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбир давомида ФВВ академияси тиббиёт хизмати мутахассислари ҳам сўзга чиқиб, халқ табобати ва илмий тиббиётнинг уйғунлиги, ҳарбий шароитда соғлиқни асрашнинг самарали йўллари, жисмоний тайёргарлик ва психологик барқарорликни таъминлаш масалаларига тўхталди.

Якунда очиқ мулоқот ташкил этилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоблар олишди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ва Ўзбекистон Халқ табобати ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА