ФВБ ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Янгиҳаёт тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими кичик инспектори ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, маҳаллий МЧЖ раҳбаридан 1500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, ФВБ ходими ҳамкасблари орқали, МЧЖ томонидан мазкур туманда фаолият юритувчи корхона ҳудудига ўрнатилган ёнғин хавфсизлиги жиҳозларини қабул қилиш бўйича баённома расмийлаштириб бериш эвазига пул талаб қилган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар кундалик ҳаётда бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.